Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси томонидан истеъмол этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар шунингдек, алкоголь маҳсулотлари билан улгуржи савдони амалга оширувчилар фаолиятини лицензиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида” 2022 йил 21 февралдаги қарорига мувофиқ истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш шунингдек, алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятини лицензиялаш тартиб-таомиллари белгиланган.
Лицензиялаш соҳасида инсон омили иштирокига чек қўйиш ҳамда барча тадбиркорлар учун соф рақобат муҳитини яратиш мақсадида лицензиялашнинг электрон тизимига ўтилди. Ҳозирда лицензия талабгорлари маъмурий тўсиқ ва расмиятчиликдан тўлиқ воз кечган ҳолда тўғридан-тўғри электрон шаклда лицензия олиш учун мурожаат қилиш имкониятига эга.
Бундан ташқари талабгорлар учун бошқа давлат органларидан ҳар қандай хулосалар олиш амалиёти бекор қилиниб, талабгор тадбиркорнинг лицензиялаш жараёнини онлайн режимида кузатиш имконияти мавжуд.
Соҳада ва айнан лицензия бериш борасида шаффофликни таъминлаш, маҳсулот сифатини қатъий назорат қилиш ҳамда фаолият юритаётган корхоналарга қулайлик яратилиб, 2024 йилнинг ўтган даврида истеъмол этил спирти алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда улгуржи савдоси билан шуғулланиш учун лицензия ахборот тизими орқали жами 151 та мурожаат келиб тушган. Шундан 119 таси ижобий ечимини топган, 24 таси белгиланган талаблар бўйича тўлиқ маълумотлар киритмаганлиги сабабли рад этилган. Ҳозирда ушбу мурожаатларнинг 4 таси ўрганиш жараёнида.
ЎзА