Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов BMTнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабина Махл билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида рақамли технологиялар орқали барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш масалаларига эътибор қаратилди.

Шунингдек, 2025 йилда Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган “UN Public Service” форуми ҳақида муҳим маълумотлар берилди. Форумнинг Ўзбекистонда илк бор ташкил этилиши мамлакат учун муҳим ютуқ экани ва рақамли трансформация жараёнларини тезлаштиришда бу имкониятнинг аҳамияти таъкидланди.

Учрашувда олис ҳудудлардаги аҳолига рақамли хизматларни етказиш, рақамли хизматлар орқали ёшлар ва кам таъминланган оилалар учун муносиб иш ўринларини яратиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, ёшлар учун IT соҳасида юқори даромадли иш ўринларини яратиш устувор вазифалардан бири сифатида белгилангани таъкидланди. IT соҳасидаги ўқув дастурларини кенгайтириш, халқаро сертификатларга эга бўлиш имкониятларини ошириш ва маҳаллий ёшларни глобал рақамли иқтисодиётга тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Учрашувда имконияти чекланган шахсларнинг рақамли хизматлардан фойдаланиши, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва халқаро тажриба алмашиш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Сабина Махл BMTнинг Ўзбекистонда рақамли технологиялар орқали барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун кўрсатаётган қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Нигора Раҳмонова,  

ЎзА мухбири