Очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларига риоя қилмаган маҳаллий ҳокимликлар мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик чоралари кўрилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан эълон қилиб борилиши керак бўлган очиқ маълумотлар белгиланган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Наманган ҳамда Фарғона вилоятининг туман ва шаҳарларида қарор ижроси ўрганилди. Жорий йилнинг 3-чораги якунлари бўйича ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни эълон қилиб борилиши ҳолати таҳлил қилинди.
Жумладан, Наманган вилоятининг Наманган, Уйчи, Учқўрғон туманлари, Фарғона вилоятининг Фарғона тумани, Қувасой ҳамда Марғилон шаҳарлари ҳокимликларининг бу борадаги фаолияти жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Маълумки, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан 12 турдаги маълумотларни даврий равишда очиқ эълон қилиб борилиши белгиланган.
Ўрганишлар давомида қатор туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйилгани аниқланди.
Хусусан, ҳокимликлар томонидан амалга оширилган давлат харидлари тўғрисидаги ёки маҳаллий бюджетларнинг ҳар чорак якунида шакллантириладиган даромадлар ва харажатлар сметаси, режадан ортиқ бажарилган қисми ва мазкур маблағлар йўналтирилган мақсадлар тўғрисидаги ҳамда бошқа қатор муҳим маълумотлар белгиланган тартибда эълон қилиниши чоралари кўрилмаган.
Ушбу камчиликларни бартараф этиш ва қонунбузилишига йўл қўйган масъул ходимларни жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш юзасидан Наманган ҳамда Фарғона вилоятлари ҳокимликларига тегишли кўрсатмалар берилди. Натижада 3 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, суд органларига юборилди.
Агентлик томонидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, шу жумладан, уларнинг қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган маълумотларни Интернет тармоғига жойлаштириш бўйича мажбуриятларини мониторинг қилиш ишлари мунтазам давом эттирилади.
Н.Абдураимова, ЎзА