Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази Қуръони Каримнинг моҳир таржимон Мирзо Кенжабек томонидан таржима қилинган “Aнворул-Қуръон: “Файзул-Фурқон” номли еттинчи таржимасини чоп этди.

Aкадемик Aкмал Саидов ушбу янги таржима ҳақидаги фикр ва мулоҳазаларини мақоласи орқали баён этган.

Мақолада юртимизда Қуръони Карим маъноларини англаш ва уни тўғри англатиш йўлида олиб борилаётган хайрли ишлар, тафсир ва ишончли таржималарнинг ортиб бораётгани кишини хурсанд қилиши таъкидланган.

«Қуръоннинг дунёдаги турли кўплаб тилларга таржима қилиниши буюк маданий-маърифий ҳодисадир. Қуръони Карим жаҳоннинг 250 дан ортиқ тилларига кўп маротаба такрор-такрор таржима қилинган. Жумладан, инглиз тилида 120 га яқин, француз тилида 120 дан ортиқ таржималари мавжуд. Шунингдек, рус тилида 20 дан ортиқ, лотин, испан, немис ва бошқа тилларда ҳам кўплаб таржималари бор. Бу таржималарнинг баъзилари маълум тилда гаплашадиган мусулмонлар учун мўлжалланган бўлса, баъзилари эса мусулмон бўлмаган шарқшунос мутахассислар ва кенг ўқувчилар оммаси учун чоп этилган. Баъзи таржималар қизиқиш ва ўрганиб кўриш натижасида юзага келган бўлса, айримлари дўстона мақсадда – самимиёна чуқур исломий эътиқод натижасида юзага келган,» — дейди академик Акмал Саидов.

Мақолада маълум қилинишича, 2004 йилда Ўзбекистонда Қуръони Карим кўзи ожизлар учун бўртма ҳарфларда, яъни Брайль ёзувида – алоҳида кириш китоби билан чоп этилди.

Бу нашр ўзининг юқори сифати, бетакрор кўриниши билан ўқувчига ҳайрат бағишлайди.

Шуни таъкидлаш керакки, дунёда Қуръони Каримнинг брайлча шакли Миср Aраб Республикаси ва Тунис давлатларидан сўнг учинчи бўлиб нашр этилди.

Aкмал Саидов мақола давомида “Aнворул-Қуръон: “Файзул-Фурқон” бўйича Мирза Кенжабек таржимасининг ўзига хос хусусиятларини ҳам санаб ўтган.

Н.Усмонова,  

ЎзА