Кураш қаттиқ, жазо муқаррар

Жорий йил 30 июлда Президентимизнинг “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Эндиликда бу йўналишда қандай ўзгаришлар, янгиликлар бўлади?
Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида шу ҳақда сўз борди.
Муҳокамада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раиси Шавкат Жавлонов спикер сифатида қатнашди.
Таъкидланганидек, фармон билан одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинди. Миллий комиссия давлат органлари ва ҳудудий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг одам савдоси, мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради. Миллий қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш мақсадида айни соҳада давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқади. Жиноятларни аниқлаш, тергов қилиш, олдини олиш ва уларга чек қўйиш амалиётини ўрганади. Мақсад аниқ ва жуда муҳим – одам савдосига қарши кураш самарадорлигини ошириш, бу борадаги ишларни тизимли таҳлил қилиш, фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш, йўл қўйилаётган камчиликларга реал ечим топиш.
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов тақдим этган маълумотга кўра, 2017 йилда мамлакатимизда одам савдоси билан боғлиқ 300 дан ортиқ жиноят содир этилган.
Статистика бу борадаги жиноятлар сони камайиб бораётганидан далолат берса-да, одам савдоси муаммоси ҳамон долзарблигича қолмоқда. Шу маънода, вазир Миллий комиссияга киритиладиган таклифлар ҳам, комиссиянинг ўзи амалга ошириши керак бўлган ишлар ҳам жуда кўп эканини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилишича, одам савдоси кўпроқ хотин-қизларни ўз гирдобига тортмоқда. Буни рақамлар ҳам исботлайди. 2018 йилнинг охири ва 2019 йилнинг олти ойида одам савдоси билан жиноят содир этгани учун 70 нафар шахс судланган. Уларнинг 55 нафари аёллар экани ачинарлидир.
Мазкур иллат билан боғлиқ жиноятнинг яна бир асосий “аудиторияси“ меҳнат муҳожирлари экани яхши маълум. Бугунги кунда чет элда 2 миллион 600 мингга яқин ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда. Аммо одам савдоси ёки мажбурий меҳнатнинг оқибатлари инсон, жамият ва давлатга анча қимматга тушишини унутмаслик керак.
– Айни пайтда мамлакатимизда 81 хусусий бандлик агентлиги фаолият юритмоқда, уларнинг 60 дан ортиғи Ўзбекистон фуқароларини чет элда ишга жойлаштириш бўйича лицензияга эга, – деди бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев. – Аммо улар томонидан расмий равишда ишга жойлашганлар сони 3-3,5 мингдан ортмаяпти. Бу тизим биз учун янги. Шунинг учун одамларга таниш-билишдан кўра, хусусий бандлик агентликлари орқали пул тўлаб хорижга кетиш ишончли ва хавфсиз эканини тушунтиришимиз керак.
Вазирнинг маълум қилишича, фуқароларимизнинг ҳуқуқлари ва меҳнат фаолиятини муҳофаза қилиш мақсадида махсус фонд ташкил этилган. Мазкур фонд кўмагида ўтган йили Россия Федерацияси ИИВ Вақтинчалик сақлаш марказларида ушлаб турилган 1314 ўзбекистонлик фуқаро мамлакатимизга олиб келинди. Шунингдек, яқин вақт оралиғида қонунчиликка ҳам ўзгартиришлар киритилиши кўзда тутилмоқда. Бу ўзгартиришларда фуқароларни ёки ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилган масъул шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилган. Ҳозирча Ўзбекистонда бундай вазиятларда энг кам иш ҳақининг 3 баробарида маъмурий жазо қўлланилади.

 

Феруза КАРИМОВА, ЎзА