Музокаралар натижалари битимларда ўз ифодасини топди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Минскдаги музокаралар якунида Қўшма баёнот қабул қилдилар.

Давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида 11 та ҳужжат имзоланди. Улар ишлаб чиқариш ва илмий-техник кооперацияни, ҳудудлараро ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, таълим, оммавий ахборот воситалари, нашриёт ва полиграфия фаолияти, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа соҳалардаги алмашинувлар ва ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда давлат раҳбарлари музокаралар самимий руҳда, самарали ўтгани, ўзаро манфаатли келишувларга эришилганини таъкидладилар.

Беларусь Президенти ўтган йили мамлакатларимиз ўзаро савдо айланмасида охирги йиллардаги энг юқори кўрсаткичга чиққани, бу ижобий тенденция бу йил ҳам давом этаётганини таъкидлади.

– Музокараларимиз амалий, конструктив руҳда ўтди ҳамда Беларусь ва Ўзбекистон стратегик шериклар эканини яна бир бор тасдиқлади. Ўзбекистон кейинги уч йилда эришаётган муваффақиятларидан жуда хурсандмиз. Мамлакат раҳбарияти иқтисодиёт тармоқларини нафақат модернизация қиляпти, балки саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда инқилобий ўзгаришларни амалга оширяпти, янги йўналишларни ҳаётга татбиқ этяпти. Бу самарали ҳамкорлигимизга умид бағишлайди, – деди Александр Лукашенко.

Томонлар бундан буён ҳам халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини тасдиқладилар.

Ташриф арафасида Минскда ўтган Ҳудудлараро форумда икки мамлакат шаҳар ва вилоятлари ўртасида 12 ҳужжат, шунингдек, умумий қиймати қарийб 300 миллион АҚШ доллари бўлган шартнома ва битимлар имзолангани қайд этилди.

Шу кунларда Беларусда ўтган Ўзбекистон маданияти кунлари икки халқ ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган ёрқин воқеа бўлгани таъкидланди.

 

ЎзА