66 нафар абитуриент тест синовларидан четлаштирилди

Хабар берганимиздек, 29 июль куни олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовлари бошланди.
Республика бўйича 66 та катта сиғимли биноларда тест синовлари бўлиб ўтди. Тест синовлари 2 сменада ташкил этилган бўлиб, иштирок этиши белгиланган 71 340 нафар абитуриентдан 68 736 нафари тест синовларига келди. 2 538 нафар абитуриент тест синовларига келмади. 13 нафар абитуриент ҳудудга кириш жойида, 53 нафари бинода тартиб-қоидаларни бузганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди.
Бундан ташқари, абитуриентларнинг тест синовларига кечикиб келиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги тегишли қарорига мувофиқ абитуриентлар тест синовлари ўтказиладиган куни тегишли ҳудудга соат 07:00 (иккинчи смена соат 14:00) гача, бинога соат 07:30 (иккинчи смена соат 14:30) гача фақат “Aбитуриент рухсатномаси“ ва паспорти билан шахсни идентификациялаш воситалари орқали киритилади.

 

ЎзА