1 сентябрдан бошлаб Беларусь – Ўзбекистон амалий-техник малакавий институтига талабалар қабул қилинади

Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг илмий ва инновацион фаолият бўйича проректорларидан иборат делегация ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Беларусь Республикасининг етакчи техника университетида бўлишди. 
Меҳмонлар Беларусь Миллий техника университети қошидаги илмий-тадқиқот лабораториялари, инновацион плазмали ва лазер технологиялари, шунингдек, “Политехник” илмий-технологик парки билан яқиндан танишишди.
Беларусь Миллий техника университети базасида шакллантириладиган ўқув муассасасида ўзбекистонлик талаба ёшлар малака ошириш баробарида таҳсилни давом эттириш имконига эга бўлишади. Бунда муҳандис кадрларни тайёрлаш “2+2“ шаклида амалга оширилади.
“Ёшлар икки йил мобайнида ўз юртларида ўқиб, умумтаълим предметларини ўзлаштиради. Шундан сўнг ихтисослик бўйича таҳсилни бизнинг университетда давом эттиришади ва диплом олишади. Олий таълимдан кейинги босқичлар ҳам қамраб олинади”, дея қайд этган Беларусь Миллий техника университети проректори Александр Маляревич.
Шунингдек, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб Беларусь – Ўзбекистон соҳалараро амалий-техник малакавий институтига ягона дастур асосида талабалар қабул қилинади.
Беларусь олими Игорь Ганчеренокнинг билдиришича, Ўзбекистон билан ҳамкорликда нафақат автомобилсозлик, тракторсозлик, кончилик, қуюв-ишлаб чиқариш йўналишлари, балки рақамли иқтисодиёт, роботлаштириш ва бошқа қатор истиқболли соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш режалаштирилган, дея хабар беради “БелТА“ ахборот агентлиги.

 

ЎзА