Artel энди газ ҳисоблагич ишлаб чиқариши мумкин

Бутун республикада ишлаб турган газ ҳисоблагичларни электрон газ ҳисоблагичларга алмаштириш режалаштирилган. minbar.uz хабарига кўра, 3,4 млн.га яқин янги электрон ҳисоблагичларни ишлаб чиқаришга буюртмани “Artel” компанияси олиши мумкин.
“Ўзтрансгаз” АЖ мутасаддиларининг 24 июлдаги брифингда айтишича, электрон ҳисоблагичларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича Artel компанияси билан музокара олиб борилмоқда.
Газ ҳисоблагичлар 3,4 миллион истеъмолчига “Ўзтрансгаз” маблағи ҳисобидан ўрнатилади.
Бу ишлар босқичма-босқич амалга оширилиб, биринчи босқичда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти қамраб олинади.
“Ўзтрансгаз” АЖ матбуот хизматининг хабар беришича, электрон ҳисоблагичлар табиий газ ҳисоби ва назоратининг автоматлаштирилган тартибини (АСКУГ тизими) жорий этиш доирасида ўрнатилмоқда.
Янги тизимда табиий газнинг ишлаб чиқарувчи корхоналардан то истеъмолчигача бўлган ҳисоби ва назорат ишлари 5 босқичдан иборат.
Дастлабки босқичларда ишлаб чиқарувчи корхоналар ва магистрал газ қувурлари бошқармаларининг бўлиниш чегаралари, газ тақсимлаш станциялари ҳамда вилоят газ филиалларининг юқори босимли газ қувурлари чегарасига замонавий электрон ҳисоблагичлар ўрнатилиб, маълумотлар онлайн режимида диспетчерлик хизматларига узатилади.
3-босқичда эса туманлараро бўлиниш жойларига замонавий электрон ҳисоблагичлар ўрнатилиб, ҳар бир туман ва шаҳарга кириб келаётган газнинг аниқ ҳисоби олиб борилади.
Тизимнинг 4-босқичи йирик саноат корхоналарига замонавий электрон ҳисоблагичлар ўрнатиш орқали онлайн шароитида назорат қилишга қаратилган.
Якуний 5-босқичида эса аҳоли хонадонларига замонавий электрон ҳисоблагичлар ўрнатилиб, уларнинг барчасини ягона “Биллинг” тизимига улаш назарда тутилади.
Автоматлашган тизимдан иборат бу лойиҳа ишга тушиши билан ишлаб чиқарувчидан истеъмолчигача етказилган табиий газ ҳисоби реал вақт режимида юқори аниқликда юритилади ва жараёнда инсон омили иштироки қисқаради.

 

ЎзА