Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигида “ATR” француз-италян авиаконцернининг Россия Федерацияси ва Марказий Осиёда савдолар бўйича вице-президенти Жером Габори бошчилигидаги делегация билан ишчи учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.
Чет эллик ҳамкорлар “ATR” компаниясининг маҳсулотлари тақдимотини ўтказди, хусусан “ATR Aircraft” компаниясининг маркетинг бўйича менежери Анджули Девилд “ATR 72-600” минтақавий самолётининг техник параметрлари ва иқтисодий кўрсаткичлари борасида батафсил маълумотларни тақдим этди. Шунингдек, ушбу турдаги ҳаво кемалари ёқилғи сарфлашда тежамкорлиги борасида алоҳида таъкидлаб ўтди.
Музокаралар якунида “ATR” компанияси томонидан ташкил этилиши кўзда тутилаётган ҳамкорликнинг иқтисодий тафсилотлари, техник жиҳатлари, жумладан, учувчи таркиб ва техник ходимларни ўқитиш, шунингдек, эҳтиёт қисмларни етказиб бериш ва техник хизмат кўрсатишни ўз ичига олган батафсил таклифлар тайёрланиши тўғрисида келишувга эришилди.
ЎзА