Иқтисодий ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди

Хитой корхоналари фаолиятини хорижда ривожлантириш ассоциацияси (CODA) бош котиби Хэ Чжэньвэй бошчилигидаги делегация 12-19 июль кунлари ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. 
Ташриф доирасида меҳмонлар Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро, Андижон ва Тошкент вилоятларига сафар қилиб, ҳудудларнинг иқтисодий ривожланиши, ишлаб чиқариш имкониятлари билан танишди. Маҳаллий ҳокимият ва корхоналар раҳбарлари билан музокаралар ўтказиб, ҳамкорликка доир масалалар юзасидан фикр алмашди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Бунда икки давлат раҳбарларининг доимийлик касб этган мулоқот ва учрашувлари чоғида эришилган келишувлар муҳим ўрин тутмоқда.
Ўзбекистон Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган. Асрлар мобайнида ушбу йўл орқали мамлакатимиз савдогару сайёҳлари Чин ўлкаси билан савдо алоқаларини йўлга қўйиб келган. Шу маънода, Ўзбекистон Буюк ипак йўлининг қайта тикланиши сифатида баҳоланган “Бир макон, бир йўл” лойиҳасини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади. Бугунги кунда ушбу лойиҳа доирасидаги ҳамкорликда қатор натижаларга эришилмоқда.
Хитой корхоналари фаолиятини хорижда ривожлантириш ассоциацияси делегациясининг мамлакатимизга ташрифи ҳам тарихий таркиб топган иқтисодий, савдо ва сармоявий ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилгани эътиборга моликдир.
Андижон вилоятидаги “SPZ-BEARINGS” заводида ташкил этилган учрашувда корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни модернизация қилиш бўйича келишувга эришилди. Келишув “Made in Uzbekistan” бренди остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар АҚШ бозорига кириб боришини таъминлашга қаратилган.
Шунингдек, вилоятда туризм соҳасида замонавий меҳмонхоналар қуриш, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш, меваларни қайта ишлаш, технопарклар барпо этиш, ахборот технологиялари соҳасидаги алоқаларни янада ривожлантириш борасида ҳам бир қатор манфаатли келишувларга эришилди.
– Бир ҳафта давомида ҳудудларда қатор самарали учрашувлар ўтказилди, – дейди инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Абдуалиев. – Музокаралар чоғида мамлакатимизнинг инвестиция ва экспорт салоҳияти акс этган тақдимотлар намойиш этилди, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклиф қилинди. Бунинг натижасида қиймати қарийб 100 миллион АҚШ долларига тенг келишувларга эришилди. Шунингдек, хитойлик ҳамкорлар билан қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этиш бўйича маслаҳатлашиб олдик. Шу йил ноябрь ойида Хитойда ўтадиган йирик халқаро кўргазмада мамлакатимиз делегациясининг иштирок этиши масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Хитой корхоналар фаолиятини хорижда ривожлантириш ассоциацияси вакиллари билан ҳамкорликка доир битимлар имзоланди.

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА