Иқтисодий кенгашнинг илк мажлиси

Тошкентда Ўзбекистон Республикасида 2019-2021 йилларга мўлжалланган таркибий ислоҳотларнинг асосий йўналишларини амалга оширишни таъминлаш бўйича Иқтисодий кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилди.
Президентимизнинг 2019 йил 8 январдаги “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва иқтисодий сиёсат самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан ташкил этилган тадбирда иқтисодий соҳадаги “Йўл харитаси”нинг муайян йўналишлари бўйича стратегиялар, тушунчалар, дастурлар, ёндашувлар ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш Иқтисодий кенгашнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов бошчилигидаги Кенгаш таркибига Бош вазир ўринбосари – молия вазири Ж.Қўчқоров, Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.Мавлонов, Президент маслаҳатчиси ўринбосари Г.Саидова, Марказий банк бошқаруви раиси М.Нурмуратов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес Омбудсмани Д.Қосимов, молия вазирининг биринчи ўринбосари Т.Ишметов ва бошқалар киритилди.
photo5298692284423974043.jpg
Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга доир муҳокамаларда Жорж Вашингтон университети бизнес ва халқаро алоқалар бўйича профессори, “Growth Dialogue” экспертлар тармоғи бошқарувчи директори Дэнни Лейпцигер (АҚШ), Чили миллий нефть компанияси бош директори ва ушбу мамлакатнинг собиқ энергетика вазири Марcело Токман фаол қатнашди.
Мажлисда қатор вазирлик ва идоралар, халқаро молия институтлари, жумладан, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, БМТ Тараққиёт дастури вакиллари ҳам иштирок этди.
Иштирокчилар 2019-2021 йилларда амалга оширилиши кутилаётган ислоҳотларнинг устувор 9 йўналишини белгилаб олди. Макроиқтисодий барқарорлик, энергетика тармоғини мустаҳкамлаш, инсон капитали ва ижтимоий ҳимоя омиллари, хусусий секторни молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш, ташқи ва ички савдо ҳамда транспортни ривожлантириш, барқарор урбанизация, шаҳарлар тараққиётини жадаллаштириш йўналишлари шулар жумласидандир.
photo5298717590371281829.jpg
– Мажлисда энергетик секторни мустаҳкамлаш ва микромолиялаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди, – дейди молия вазирининг биринчи ўринбосари Т.Ишметов. – Бу соҳада рақобатни таъминлаш, электр ва газ секторини ривожлантириш бўйича комплекс стратегия ишлаб чиқилади. Шунингдек, корхоналарни молиявий соғломлаштириш чоралари кўрилади. Тоза энергия ишлаб чиқаришга ўтиш, хизматлар сифатини яхшилаш орқали янги бозор иштирокчилари салоҳияти оширилади. Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш, халқаро шериклар билан ҳамкорликда қарийб барча вилоятларда ИЭС ва ГЭСлар, электр тармоқлари қуриш, модернизация қилиш бўйича умумий қиймати 1,9 миллиард долларлик 16 лойиҳани амалга ошириш режалаштириляпти.
Йиғилишда Иқтисодий кенгашнинг биринчи мажлиси баённомаси қабул қилинди.
Мажлисга бағишлаб ташкил этилган брифингда мутахассислар солиқ ислоҳотлари, давлат молияси бошқарувини такомиллаштириш, қарздорлик ва бюджетлараро муносабатлар юзасидан амалга ошириладиган ишлар хусусида маълумот берди.
photo5298692284423974044.jpg
Мамлакатимизда хусусий секторни ривожлантириш ва иш ўринлари яратишга йўналтирилган иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Жаҳон банкининг 500 миллион долларлик “Иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси амалга оширилади.
Энергетика соҳаси муҳокама қилинган давра суҳбатида тармоқ корхоналарини тижоратлаштириш, молиявий барқарорлигини таъминлаш, тариф ислоҳотларини такомиллаштириш, бунда инвестицион дастур ва хусусий сектор иштирокини таъминлаш каби таклифлар илгари сурилди. Таъкидланганидек, хусусий сектор объектлари хорижий компаниялар билан ҳамкорликда шамол электр станциялари қуришни режалаштирган. Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида бунинг учун зарур шароит ва имкониятлар мавжуд.
Мутахассислар бу каби саъй-ҳаракатларга хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб қилиш, тегишли қонун ҳужжатларини такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.
photo5298717590371281832.jpg
photo5298692284423974045.jpg

 

Абдулазиз МУСАЕВ, Темур МАМАДАМИНОВ (сурат), ЎзА