«Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида «ОАВ соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари» мавзусида республика конференцияси давом этмоқда.
Конференцияда агентлик директори ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам ўз маърузаси билан иштирок этди.
У ўз нутқида давлат ва хўжалик ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятига тўхталиб ўтди.
— Нима учун ОАВ тўртинчи ҳокимият даражасига кўтарила олмаяпти, деган саволга кўп омиллар қатори вазирлик ва идоралар ахборот хизмати фаолиятига нисбатан эътиборсиз муносабатни ҳам сабаб қилиб кўрсатиш мумкин, – деди С.Мирзиёева.
Маърузада таъкидланишича, ўтказилган таҳлиллар ва ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, соҳада энг асосий муаммо, бугунги кунда ягона давлат ахборот сиёсати тўғрисидаги консептуал ҳужжатнинг мавжуд эмаслигидир. Ҳозирда ушбу ҳужжат тайёрланмоқда.
Шунингдек, Саида Мирзиёева ўз нутқида давлат ва хўжалик ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятидаги мавжуд камчиликлар хусусида алоҳида тўхталди. Соҳада иш ҳажмининг кўп, замонавий талабларга жавоб бера олмаяпти. Мавжуд шароитларнинг етарли даражада эмаслиги сабаб ахборот хизматлари фаолияти қониқарсиз аҳволда қолиб кетмоқда. Ўндан ортиқ республика даражасидаги ташкилотлар, кўпгина туман ва шаҳар ҳокимликларида ҳалигача ахборот хизмати фаолияти ташкил этилмаган.
Кўплаб давлат ва хўжалик ташкилотлари веб-сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида ахборотлар етарли даражада эмаслиги ҳам танқид қилинди.
– Уларнинг веб сайтларига кирувчиларнинг умумий сони 400 минг, Facebook ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифаларига мурожаат қилувчилар сони 150 минг, Telegram тармоғида аъзолар 300 минг нафардан ошмайди, – деди С.Мирзиёева. Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 20 миллиондан ортиқ эканини ҳисобга олсак, юқоридаги кўрсаткичлардан ўзингиз хулоса олишингиз мумкин.
С.Мирзиёева шу ва бошқа бир қатор камчиликларни санаб ўтар экан, «Ахборот хизматлари тизимини тубдан такомиллаштириш лозим», дея қатъий таъкидлади.
Инобат Аҳатова, Муҳаммад Амин (сурат) ЎзА