Ўзбекистон – Германия: қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқаришдаги ҳамкорлик

Германия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи мамлакатлар орасида етакчилардан ҳисобланади. Ушбу давлат қишлоқ хўжалиги энг янги агросаноат технологияларининг амалиётга татбиқ этилиши ва тармоқни механизациялаш ҳисобига юксак кўрсаткичларга эришмоқда.
Германияда етиштириладиган буғдой мамлакат эҳтиёжининг 80, шакар 85, гўшт 60, сут 100 фоизини қоплайди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг тўртдан уч қисми чорвачилик орқали келади.
Ўтган йили қишлоқ хўжалиги бўйича Ўзбекистон – Германия ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Бундай механизмлар ҳамкорлик бўйича муносабатлар жадаллашувидан далолат беради.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳаси Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги инвестицион ҳамкорликнинг ажралмас бўлагидир. Бир қатор йирик немис компаниялари иштирокида мамлакатимизда ташкил этилган саноат корхоналари, хусусан, «LEMKEN Chirchiq» масъулияти чекланган жамияти бунинг ёрқин исботидир.
«LEMKEN GmbH & Co. KG» (Германия) ўсимликшунослик соҳасига махсус маҳсулотлар етказиб берувчи йирик халқаро компания ҳисобланади. Корхонанинг маҳсулот турлари сирасига юқори унумдорликни таъминловчи, ерга ишлов бериш, экиш ва ўсимликларни муҳофаза қилишга мўлжалланган юқори сифатли техника воситалари киради. Корхона фаолияти тўлиқ инновацион асосга қурилган.
«LEMKEN Chirchiq» қўшма корхонаси асосан қишлоқ хўжалиги учун юқори унумдорликни таъминловчи плуглар, ротацион ва дискли бороналар, механик сеялкалар, культиватор ва бошқа экиш ва ерга ишлов бериш механизмлари ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Бундан ташқари, компания конструкторлик-технологик бўлинма ҳузурида ерга ишлов берадиган машиналарнинг янги истиқболли турлари ҳамда турли ишлаб чиқариш ускуналарини яратиш билан ҳам шуғулланади. «LEMKEN GmbH & Co. KG» қишлоқ хўжалиги машиналари ва қўшма корхона маҳсулотларини таъмирлайди ва уларга техник хизмат кўрсатади.
Қўшма корхонада маҳсулот тури ва ҳажмини ошириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ерда ясси, қувурсимон, айлана шаклидаги, штампловчи, йиғма-пайвандли ҳамда қуйма эҳтиёт қисмлар яратиш ва ишлаб чиқариш бўйича ҳам иш олиб бориляпти. Бу борада «Тошкент механика заводи» ОАЖ, «Электроаппарат-Электрощит» ОАЖ қўшма корхонаси, Қуюв-механика заводи, «Тошкент подшипник заводи» ОАЖ, «Инструмент», «Imex Group» масъулияти чекланган жамиятлари каби корхоналар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
«LEMKEN»нинг EurOpal 7 3+1 осма айланма плуги, VarioPack 110 WDP70 ер зичлов ускунаси, Zirkon 8/250 ротацион борона каби маҳсулотлари Ўзбекистон давлат сертификация ва қишлоқ хўжалиги техникаси ҳамда технологияларини синовдан ўтказиш марказида мамлакатимиз ер-иқлим шароитига мослаштириш мақсадида муваффақиятли синовдан ўтказилди. Таъкидлаш жоиз, «LEMKEN Chirchiq» маҳсулотларига Марказий Осиёнинг барча давлатларида талаб борган сари ошиб боряпти.
– Корхонамиз асосан тракторларга тиркама ускуналар тайёрлашга ихтисослашган, – дейди «LEMKEN Chirchiq» МЧЖ қўшма корхонаси бош директори Раҳматулла Раҳметов. – “Агрегат заводи” акциядорлик жамияти таъсисчимиз ҳисобланади. Ҳозиргача 4 турдаги маҳсулот маҳаллийлаштирилди. Аҳамиятлиси, фойдаланилаётган эҳтиёт қисмлар ҳиссасининг кўпайиши битта тайёр маҳсулот нархи 30-50 миллион сўм арзонлашишига хизмат қиляпти.
Корхонада ҳозир Standart 7 Plus 3/1 осма айланма плугининг такомиллаштирилган варианти ишлаб чиқариляпти. Маълумки, эндиликда қишлоқ хўжалиги экинларини экишда қатор орасини кенгайтириш тажрибаси қўлланилмоқда. Бунда айнан Standart 7 Plus 4/1 осма айланма плугига талаб кучаяди. Қўшма корхона агрегатларининг ишлаб чиқаришга тўлиқ жалб қилиниши натижасида, масалан, пахта ҳосилдорлиги гектарига 60 центнердан 110 центнергача кўтарилди.
Жорий йил июль ойида «LEMKEN GmbH & Co. KG» компанияси бош директори Ван Дер Лейнинг мамлакатимизга ташрифи кутиляпти. Учрашувлар чоғида бир қатор янги инвестицион лойиҳалар, икки томонлама таклифларни муҳокама қилиш режалаштирилган.
Ван Дер Лей бир вақтнинг ўзида Европа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилар уюшмаси раиси ҳам ҳисобланади. Қолаверса «LEMKEN» қишлоқ хўжалиги соҳаси учун эксклюзив техника ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи. Ушбу компания билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма корхона Марказий Осиё давлатлари орасида фақат Ўзбекистонда фаолият кўрсатади. Умуман, Ван Дер Лейнинг ташрифи йирик хорижий ташкилот ва компанияларнинг Ўзбекистонга юксак ишончи, мамлакатимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришларга нисбатан эътирофидан далолатдир.

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА