Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 май куни пойтахтимизнинг Олмазор туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Талабалар шаҳарчасига борди. Бу ерда ҳар йили минглаб ёш мутахассис ҳаётга йўлланма олади.
Жорий йилда Талабалар шаҳарчасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Йўл ва йўлаклар таъмирланиб, ёритиш устунлари, ўриндиқлар ўрнатилди, 400 ўринли автотураргоҳ қурилди. Ҳудудга кўп йиллик ва мавсумий гуллар, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Бугунги кунда Талабалар шаҳарчасида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Маънавият ва маърифат маркази бинолари, коллеж ва лицейлар, спорт мажмуалари жойлашган. Икки университетда қарийб 25 минг талаба таҳсил олади.
Президентимиз ташаббуси билан шаҳарча ҳудудининг бошланишида, «Беруний» метро бекати ёнида Беруний майдони барпо этилди. Абу Райҳон Берунийнинг Техника университети олдидаги ҳайкали шу ерга кўчирилиб, атрофи ободонлаштирилди. Булар ўзига хос мажмуа ҳосил қилиб, Талабалар шаҳарчаси илмий салоҳиятининг яна бир рамзи бўлди.
Давлатимиз раҳбари бу ерда олиб борилган ишларни кўздан кечирди. Аллома ҳайкалининг Талабалар шаҳарчаси остонасига қўйилиши мамлакатимизда илм-фанга қаратилаётган эътибор рамзи бўлиб, бугунги ёшларда улуғ аждодлар билан фахрланиш туйғусини кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Президентимиз 2017 йил 2 декабрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги биноси қурилиши билан танишиб, мамлакатимизда етакчи соҳа ва тармоқларни ривожлантириш, инновацион ғоя ва технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш юзасидан зарур кўрсатмалар берган эди. Бугунги кунда бу борада изчил ишлар амалга оширилмоқда. Вазирлик илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятининг истиқболли йўналишларини аниқлаш, хорижнинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари билан ихтисослашган илмий-экспериментал лабораториялар, технопарклар ва бошқа инновацион тузилмалар ташкил этиш, замонавий илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш юзасидан тизимли чора-тадбирларни кўрмоқда.
Вазирликда иқтисодиёт тармоқларининг инновацион эҳтиёжларини ўрганиш, ёшлар инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш хизматлари, масофавий таълим курслари йўлга қўйилади. Янги ишланма ва технологиялар намойиши, стартап лойиҳалар иқтидорли ёшларда илмий-тадқиқот кўникмаларини шакллантиришда ёрдам беради.
Бинонинг биринчи қаватида кутубхона, амфитеатр, холл, кўргазмалар зали жойлашади. Юқори қаватларда коворкинг ва стартап ҳудудлар, интернет лабораториялар, анжуманлар заллари бўлади. Аэрокосмик лаборатория, устахона, реклама агентлиги ҳам ташкил этилади.
Вазирликни бежиз Талабалар шаҳарчасига жойлаштирмадик. Бу ердаги олий ўқув юртларида минглаб иқтидорли ёшлар, тадқиқотчилар, олимлар илмий иш билан машғул. Уларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаб, ҳар бир соҳада янгилик яратиш керак. Инновацион ривожланиш вазирлиги бу борада илмий марказ, база бўлиши зарур, деди Шавкат Мирзиёев.
Вазирлик боғининг дизайни ҳам янгича асосда ишлаб чиқилган бўлиб, бу ерга келганлар миниатюрали инновациялар билан танишиш имконига эга бўлади. Боққа интернет тармоғига эга ўриндиқлар, қуёш панелли ёриткичлар, ҳаво тозалаш устунлари, мобиль ускуналарни қувватловчи қурилмалар ўрнатилади, брусчаткали йўлаклар тунда ўзини ўзи ёритади.
Шу ерда вазирлик ва Жараёнларни автоматлаштириш миллий ассоциацияси – NAPA томонидан хорижий марказлар билан ҳамкорликда ташкил этилиши режалаштирилган инновацион технопарк тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу технопаркда ахборот-коммуникация технологияларини ўрганаётган ва бу соҳада ишлаётганлар учун инновацион ғояларини илгари суриш имкониятларини кенгайтириш мақсадида мақбул муҳит ва инфратузилма яратилади.
Янги технологиялар яратиш ва трансфер қилиш учун вазирликка кўмакчи сифатида “NAPA Team” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилмоқда. Ушбу корхона инновацион ғояларни пишитиб, уларни стартап маҳсулотга айлантиради ва келгусида мамлакатимиз иқтисодиётига йўналтиради. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу фаолиятдан йилига 1 миллион долларлик экспорт даромади кўриш кўзда тутилмоқда.
Президентимиз инновацион ғоялар ўз ўзидан ишлаб чиқаришга етиб бормаслигини, бунинг учун маблағ, харидор топиш зарурлигини таъкидлади. Хитойнинг “Huawei” компанияси билан ҳамкорликда тажрибадан ўтган инновацияларни жалб этиш, хорижда иш юритаётган салоҳиятли тадқиқотчиларни чақириш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича зарур топшириқлар берди.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Президентимиз олий таълим соҳасини янада ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар, мазкур олий таълим даргоҳини ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар тақдимоти билан танишди.
Кадрлар тайёрлаш соҳалари таркибий тузилиши лойиҳасида ёшларни олий ўқув юртларига янада кўпроқ қамраб олиш бўйича батафсил маълумот берилди. 2018-2019 ўқув йилида мамлакатимиз олий ўқув юртларига 96 минг 950 талаба қабул қилинган бўлса, 2019-2020 ўқув йилида 123 минг 170 нафар йигит-қиз ўқишга жалб этилади. Бу кўрсаткични 2022-2023 ўқув йилида 180 мингтага етказиш режалаштирилган.
Олий таълимга инновация инвестицияларини – хорижий таълим-илм технологияларини жалб этиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2018 йилда юртимизда Россиянинг 2, Жанубий Кореянинг 2, Латвиянинг 1 олий таълим муассасаси филиаллари ташкил этилди. Жорий йилда Ҳиндистоннинг 2, Россиянинг 2 ва АҚШнинг 1 олий таълим муассасаси филиали талабаларни қабул қилади. Улардаги таълим жараёнига 832 нафар хорижий мутахассис жалб этилган.
Президентимизга муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш, таълим мазмунини компетенциялар (амалий кўникмалар) асосида тубдан ўзгартириш, педагогик таълимнинг янги моделини жорий этиш, олий таълим муассасалари фаолиятини “Университет – 3.0” концепцияси асосида ташкил этиш, АКТ ва таълим технологиялари интеграциясини таъминлаш лойиҳалари бўйича маълумот берилди.
Бизга сон эмас, сифат керак. Бунга эришиш учун эса хориж тажрибасини яхшилаб ўрганиш зарур. Қайси давлат кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратса, ўша ютади. Илмий асосланган тажриба асосида кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш энг муҳим вазифамиздир, деди давлатимиз раҳбари.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети илмий-педагогик фаолияти ва кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид режалар тақдимоти ҳам ўтказилди. Беш йиллик комплекс дастур ишлаб чиқиб, университет фаолиятини ривожлантириш ва унинг халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди. Университет ҳузуридаги лицейни табиий ва аниқ фанларга ихтисослаштириш, етук мутахассисларга эҳтиёж ортиб бораётганини инобатга олиб, янги факультетлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Миллий университети кутубхонасида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда илмий-тадқиқот ишларини тижоратлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва уларни моддий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳақида сўз борди.
Мамлакатимизни инновацион ривожлантириш, 2030 йилга қадар Глобал инновация индексида илғор 50 мамлакат қаторидан жой эгаллаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бунинг учун, энг аввало, илм-фан соҳасининг меъёрий-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш мақсадида “Фан тўғрисида” қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қолаверса, ўтган қисқа давр мобайнида илмий-тадқиқот ишларини тижоратлаштириш ва самарадорлигини оширишга қаратилган қарорлар қабул қилинди.
Натижада инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича қиймати 151 миллиард сўмлик 55 лойиҳани амалга ошириш учун қулай замин яратилди. Фанлар академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институти томонидан замонавий илм-фан ютуқлари асосида ишлаб чиқилган оддий суперфосфат ҳамда маҳаллий хомашёдан фаоллаштирилган кўмир олиш технологияси шулар жумласидандир. Ўсимлик моддалари кимёси институтининг «Ферулен» ва «Фланорин» препаратлари, Биоорганик кимё институтида “Рутан” дори воситаси субстанцияси, Ядро физикаси институти олимлари томонидан яратилган сувни кимёвий тозалаш ускунаси ҳам бунга яққол мисолдир.
Бу ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида 450 ишланма ва 90 та тармоқ муаммолари ечимларини қамраб олган “Буюртмачи-тадқиқотчи-инвестор” махсус портали ишга туширилиб, тижорат банклари билан 19 янги стартап корхона ташкил этилган.
Буларнинг барчаси импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқаришга шароит яратмоқда. Такрор ва такрор таъкидлаш жоиз: янги фикр ва янги ғояга, инновацияга таянган давлат ҳар доим ютади ва ривожланади. Шунинг учун, биринчидан, импорт ўрнини босадиган ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қаратилган илмий ишланмаларни кўпайтириш керак. Бу – масаланинг бир томони. Иккинчи томони эса ушбу ишланмалар маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарни қизиқтириши ва харидоргир бўлиши зарур, деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимизнинг келаси йилдан илмий муассасаларни тўғридан-тўғри давлат бюджетидан молиялаштиришга ўтказиш таклифи олимлар томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.
Учрашувда археология соҳасини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон археологлари томонидан сўғдий ҳукмдорлар қароргоҳи харобалари бўлган “Кофир-қалъа” ёдгорлигида ёғоч панно – сўғд санъатининг ноёб намунаси, Фарғона водийсидаги Ахсикентда Х асрда пишиқ ғиштдан туннель шаклида қурилган ер ости сув таъминоти тизими топилгани юртимиз тарихи нақадар буюк эканидан далолат бериши эътироф этилди. Мутасаддиларга археологияни ривожлантириш бўйича алоҳида давлат дастурини қабул қилиш юзасидан топшириқ берилди.
Термит ҳашароти асосан целлюлоза, яъни ёғочни кемириб, аҳоли турар жойлари, маданий-тарихий обидалар, стратегик аҳамиятга эга объектлар, бино ва иншоотларга жиддий зарар етказади. Зоология институтига термитларга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган изланишларни янада такомиллаштириш тўғрисида кўрсатмалар берилди.
Изланувчан олимларни рағбатлантириш мақсадида илмий ишланма яратган тадқиқотчига докторлик ва уни амалиётга татбиқ этган изланувчига таянч докторлик илмий даражасини берадиган бинар (иккиталик) ҳимоя тизимини жорий қилиш, бюджет маблағлари ҳисобидан стажёр-тадқиқотчилар институтини ҳамда юртимиз биологик хилма-хиллигини ўрганадиган дала-тажриба станциялари ташкил этиш тавсия қилинди.
Кейинги йилларда илм-фан ва таълим соҳаси ходимлари изчил рағбатлантириб келинмоқда. Илмий ходимларнинг маоши ўтган йил 1 сентябрдан ўртача 25, жорий йил 1 январдан 20 фоиз оширилган эди, 1 июлдан эса яна 25 фоиз кўтариладиган бўлди.
Президентимиз ушбу амалий чораларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йил 1 сентябрдан барча давлат ташкилотларида илмий-педагогик фаолият билан шуғулланаётган, таълим ва илм-фан соҳасида меҳнат қилаётган фан номзодларининг маошига 30 фоиз, фан докторлари учун эса 60 фоиз устама ҳақи белгилашни таклиф қилди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида ташкил этиладиган Ёшлар академияси ҳам илм-фан вакилларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Ушбу академияга инновацион фикрлайдиган иқтидорли талабалар ва 40 ёшгача бўлган олимлар, ташаббускор ёшлар аъзо бўлади. Академияда сунъий интеллект, қайта тикланадиган энергия манбалари, робот техникаси ва мехатроника, фармацевтика, биотехнология, дастурлаш, саноат дизайни, 3D моделлаштириш каби йўналишларда илмий ишлар олиб борилади.
Президентимиз ва Вазирлар Маҳкамасининг олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, кадрлар тайёрлаш жараёнини янада жадаллаштириш бўйича қарорлари ва “йўл харитаси” тасдиқланган. Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида олий таълим муассасаларининг йирик ишлаб чиқариш корхоналари, давлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, илмий-тадқиқот институтлари ва марказлари билан ҳамкорлиги йўлга қўйилди. Натижада ташкилот ва корхоналарнинг 4 мингдан ортиқ малакали амалиётчи-мутахассислари олий ўқув юртларининг таълим жараёнига жалб этилган.
Шунингдек, кейинги 2 йил давомидаги халқаро ҳамкорлик натижасида мамлакатимизда янги олий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилди, 30 дан ортиқ ўқув юртида хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда кадрлар тайёрланмоқда.
Олий таълим тизимини замонавий усуллар ёрдамида самарали бошқариш, соҳада моддий-техник базани кучайтириш, ўқув-методик ишларни такомиллаштириш бўйича жиддий чоралар кўришимиз зарур. Иқтисодиёт тармоқларининг реал эҳтиёжидан келиб чиқиб, олий таълим тизимини ривожлантиришнинг стратегиясини белгилаш, давлат таълим стандартлари ва малака талабларини қайта ишлаб чиқиш, талабаларнинг малакавий амалиётини самарали ташкил этиш лозим, деди Президент.
Учрашувда педагог кадрлар малакасини ошириш ва уларни табақалаштирган ҳолда рағбатлантириш тизимини жорий этиш ҳақида ҳам сўз юритилди. Олий таълим вазирлиги магистратура талабаларини Фанлар академиясининг мос йўналишдаги илмий-тадқиқот институтларида стажировка ўташини йўлга қўйиш, табиий фанлар ва муҳандислик йўналишларидаги магистратура талабаларини бюджет ҳисобидан давлат буюртмаси асосида тайёрлашни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган фан олимпиадалари тизимини такомиллаштириш, ғолибларни муносиб тақдирлаш ва рағбатлантириш, хусусан, мамлакат миқёсидаги ғолибларни тегишли мутахассисликлар бўйича магистратурага, халқаро олимпиада ғолибларини эса кейинчалик докторантурага ҳам синовсиз қабул қилиш чораларини кўриш белгиланди. Молиявий барқарор олий ўқув юртларини ўзини ўзи молиялаштириш тизимига босқичма-босқич ўтказиш лозимлиги қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев олим ва педагогларнинг ижтимоий шароитларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Учрашувда академиклар, олий ўқув юртлари ректорлари ва талаба ёшлар сўзга чиқиб, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Ўзбекистон Миллий университети математика факультети 4-босқич талабаси Сардор Бозорбоев ёшлар учун яратилаётган имкониятдан кенг фойдаланиш зарурлигини таъкидлаб, талаба ва ўқувчилар фан олимпиадалари ўтказиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилаётган эътибордан мамнун эканлигини билдирди.
Сардор математика бўйича ўтказилган халқаро олимпиадаларда 4 олтин, биттадан кумуш ва бронза медалини қўлга киритган.
– Таълим тизимига эътибор самарасини ёшларимиз турли танлов ва халқаро олимпиадаларда қўлга киритаётган ютуқлар мисолида ҳам кўриш мумкин, – деди С.Бозорбоев. – Биз, ёшлар яратилган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланиб, юртимиз довруғини янада юксалтирамиз, улуғ алломаларнинг муносиб ворислари эканимизни исботлаймиз.
Президентимиз Сардор каби изланувчан, зукко, билимдон ёшлар юртимиз келажаги эканини таъкидлаб, унга автомашина совға қилди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Тошкент шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси, канал ва коллекторлар соҳилларида ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш ва ҳудудларни ободонлаштириш юзасидан “йўл харитаси” тасдиқланган.
Президентимиз 2018 йил 9 февраль куни Олмазор туманида бўлиб, каналлар бўйини ободонлаштириш, аҳолининг дам олиши учун қулай шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Бугун бу ерда кўркам маданият ва маърифат маскани бунёд бўлди. “Дамаши” каналининг 2,5 километр қисми қирғоқлари бетонлаштирилиб, “Сой бўйи” сайилгоҳи барпо этилди.
Канал қирғоғи 7 лотга бўлиниб, уларда тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳам ресторанлар, дам олиш масканлари, коворкинг маркази, фитнесс клуби ва бошқа бир қатор объектлар ҳамда жаҳонга машҳур Эйфель ва Пиза миноралари, Минораи калон, Лувр пирамидаси ва бошқа шунга ўхшаш объектлар макетлари барпо этилди.
Давлатимиз раҳбари коворкинг маркази ва ундаги тикувчилик корхонаси фаолияти билан танишди.
Бир пайтлар бу ерлар қандай ташландиқ жой эди. Ҳаммамиз шундай яшашга ўрганиб қолган эдик. Бир йил ичида қилинган ишлар самарасини кўриб турибмиз. Ободлик бор жойда қут-барака бўлади. Бу ер нафақат ҳордиқ чиқарадиган жой, балки маънавият ва маърифат масканига ҳам айланади, деди Шавкат Мирзиёев.
Ободонлаштириш ишлари бўйича буюртмачи – Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси. Бош лойиҳачи – “Prime tower group” МЧЖ. Бош пудратчи сифатида эса “Inter building” МЖЧ иш олиб борди.
Абдулла Қодирий ва Чўлпон номидаги кутубхоналар, Нуронийлар маскани, «Ёшлар меҳнат гузари» ҳам аввалги ташрифнинг амалий натижаларидир.
Кутубхона бой китоб фонди ва ахборот технологиялари билан таъминланган. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан электрон тарзда боғланган.
Нуронийлар масканида фахрийлар ўз вақтини мазмунли ўтказиши, саломатлигини мустаҳкамлаши учун барча шароит яратилган.
Давлатимиз раҳбари кутубхоналар ва Нуронийлар масканини кўздан кечирди. Маҳаллий аҳоли вакиллари, оқсоқоллар билан суҳбатлашди.
Шайхонтоҳур туманидан оқиб ўтувчи “Катта Калкауз” каналидан сув оладиган «Дамаши” Олмазор туманининг Нурафшон кўчасидан бошланади. Унинг умумий узунлиги 7,36 километрни ташкил этади.
Президентимизга «Сой бўйи» сайилгоҳи ва ҳудуд атрофидаги Олтинсой, Қичқириқ ва Тараққиёт маҳаллаларида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш тизими ҳақида маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари бу тизимни Тошкент шаҳрининг барча туманларида жорий қилиш, жиноятчиликнинг олдини олишда илм ва таҳлил асосида ишлаш зарурлигини таъкидлади.
Канал ва унинг атрофидаги ҳудуднинг озодалиги ҳамда санитария ҳолати Тошкент шаҳар ва Олмазор тумани ҳокимликларининг махсус ишчи гуруҳи томонидан мунтазам назорат қилиб борилади. Хусусан, “Тоза канал” кампанияси тадбирлари бошланганидан шу кунга қадар қирғоқбўйи ҳудудида 136 ноқонуний қурилмалар аниқланиб, уларнинг 133 таси бартараф этилди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Олмазор туманига аввалги ташрифи шундай хайрли натижаларга олиб келди. Ишонч билан айтиш мумкинки, галдаги ташриф чоғида белгиланган вазифалар, берилган топшириқлар янада янги марраларни эгаллашга йўл очади.