Юридик коллежлар битирувчилари университетга тест синовларисиз қабул қилинади

Адлия вазирлиги тасарруфидаги юридик коллежларда таҳсил олган иқтидорли, билимли ёшлар Тошкент давлат юридик университетига тест синовларисиз, суҳбат орқали ўқишга қабул қилинади. Бунда коллеж битирувчилари ҳудудий адлия органлари йўлланмаси билан университетга ҳужжат топшириши керак. Йўлланмалар коллеж битирувчилари сонининг 30 фоизидан ошмаслиги шарт.
Бу ҳақда Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида батафсил маълум қилинди.
Университетга қабул учун якка тартибдаги суҳбатда абитуриентларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушуниши, ихтисосликни танлашда мотивацияси, касбий вазифаларни ҳал қилишда амалий фаолияти, интизомлилик, ижодкорлик қобилиятлари ва чет тилини билиш даражаси синовдан ўтказилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик коллежлари битирувчиларини Тошкент давлат юридик университети бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида университетга тест синовларисиз қабул қилинган ёшлар 3 йил узлуксиз ишлаши керак бўлади.
Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан юридик коллежларнинг ўқув-методик жараёнини мувофиқлаштириш, уларга амалий жиҳатдан кўмаклашиш Тошкент давлат юридик университети томонидан амалга оширилиши белгиланган.
– Илгари мамлакатимизда 7 та юридик коллеж бор эди, – дейди Тошкент давлат юридик университети проректори Дилшоджон Умаров. – Эндиликда улар сони 14 тага етиб, Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилди. Жорий йилда бу коллежларга жами 3 минг 340 нафар ўқувчи қабул қилинади.
Тошкент давлат юридик университети бўлим бошлиғи Отабек Солиевнинг айтишича эса, аксарият юридик коллежларнинг ўқув бинолари, ётоқхоналари, спорт майдончалари талабга жавоб бермайди. Уларнинг моддий-техник базасини босқичма-босқич мустаҳкамлаш, шу жумладан, зарур ўқув ва спорт асбоб-ускуналари, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш зарур.
Матбуот анжуманида юридик коллежларга кириш тартиб-қоидалари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик коллежларида ўқишни ташкил қилиш чоралари тўғрисида”ги қарорига асосан юридик коллежларга ўқишга қабул қилиш бўйича танловлар ёзма имтиҳон шаклида ҳуқуқшунослик, она тили ва адабиёти (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) фанлари бўйича ўтказилади.
Жорий йилдан бошлаб юридик коллежларга фақат 11-синфни битирган ўқувчилар қабул қилинади. Улар 2 йил давомида тўлов-контракт асосида таҳсил олади. Давлат грантлари асосида эса кам таъминланган оила фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва кўзи ожиз ўқувчилар таҳсил олиши мумкин.

 

Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА