Кафолат хати кимга керак?

Тез кунларда умумтаълим мактабларида ўқув йили якунланиб, таътил бошланади. Ўғлим иккита (мазмунан бир-бирига ўхшаш) кафолат хатини тўлдириб беришимни айтди. Ўқитувчисининг топшириғи эканини айтиб, тўлдириб беришимни талаб қилди. “Ҳамма бериб бўлди, фақат мен қолдим”, деб арз-ҳол қилгач, мен ҳам тўлдириб бериб юбордим.
Таътил вақтида фарзандларимиз биз, ота-оналарнинг назоратида бўлади. Буни мактаб масъуллари, педагоглар била туриб, кафолат хати ёздириб олишидан не наф? Шундоғам болаларимизни таътил вақтида ўқитувчидан сўрамаймиз-ку. Бу қоғозбозлик кимга керак?
Бундай кафолат хати педагогларнинг мактабдан ташқари пайти бола билан содир бўладиган кўнгилсиз ҳолатларга жавобгар бўлмаслик учун олинади. Улар буни шунчаки расмиятчилик, деб ҳисоблайди. Ҳамма гап шунчаки расмиятчилик учун қилинаётган ҳаракатларимиздан бошланмаяптими?
Кўпчилик бунга кўникиб қолган. Айни масала юзасидан Халқ таълими вазирлиги изоҳ берди.
Ижтимоий тармоқ ва оммавий ахборот воситаларида умумий ўрта таълим мактаблари директори, синф раҳбарлари томонидан мажбурий равишда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан фарзандларини ёзги таътил кунларида тўлиқ назорат қилишлари бўйича тилхат олинаётганлиги тўғрисида турли хил маълумотлар чоп этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан фарзандларини ёзги таътил кунларида назорат қилишлари бўйича тилхат олишга кўрсатма берилмаганлигини расман таъкидлайди.
Ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан турли мазмундаги тилхат олиниши мактаб директори ва синф раҳбари томонидан ўзбошимчалик билан амалга оширилаётган хатти-ҳаракатдир.
Халқ таълими вазирлиги бу каби ҳолатлар содир бўлганида ота-оналар мактаб вакилларига бундай ҳаракати нотўғри эканлигини тушунтиришлари лозим. Ўз навбатида мана шундай хатти-ҳаракатлар юзасидан вазирликнинг 10-06 ишонч телефонига қўнғироқ қилиш зарур. ХТВ томонидан аниқланган ҳар бир салбий ғайриқонуний ҳолат юзасидан мактаб директори, синф раҳбари ва мутасаддиларга нисбатан қонунчилик доирасида жазо чоралари кўрилади.
Халқ таълими вазирлиги томонидан ёзги таътил даврида ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка йўл қўймаслик чораларини кўриш, таътилни мазмунли ўтказиш бўйича мактабларда ота-оналар йиғилишларини ўтказиш ва ушбу йиғилишларда ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга тегишли тавсиялар бериш юзасидан барча халқ таълими ҳудудий бошқармаларига кўрсатмалар берилди.
Мутасадди ташкилот топшириқ бермаган бўлса, бу каби ортиқча, ўзбошимчалик билан қилинган хатти-ҳаракат нимага керак? Аввало тизимда фаолият юритаётган соҳа вакиллари ўз вазифасини тўғри англаб олиши керак кўринади.

 

Барно МЕЛИҚУЛОВА, ЎзА