Абдулазиз Комилов Словакия ташқи ишлар вазири билан учрашди

20 май куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) амалдаги раиси, Словакия Республикаси ташқи ва Европа ишлари вазири Мирослав Лайчак билан учрашди.
Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, суҳбатда Ўзбекистоннинг ЕХҲТ билан ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Унда Ўзбекистон ва ЕХҲТнинг ҳамкорлик муносабатларини фаоллашишидан иккала томон манфаатдорлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, икки томонлама муносабатлар янгича тус олгани, қатор қўшма тадбирлар, жумладан “Марказий Осиё минтақасида очиқ журналистика” мавзусидаги Марказий Осиё 19-конференцияси, “Терроризм ва экстремизмга қарши курашишда ёшларнинг роли” мавзусидаги ЕХҲТ шафелигидаги халқаро конференция ўтказилгани ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамланишига хизмат қилди.
Музокараларда, шунингдек, минтақавий хавфсизлик масалалари, жумладан Афғонистондаги вазият, Ўзбекистон – Словакия алоқаларининг ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Вазирлар “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи”, “Вишеград гуруҳи + Марказий Осиё” мулоқоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришни қўллаб-қувватлади.
Музокаралардан сўнг, Мирослав Лайчак томонидан Термиз шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қошидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш бўйича таълим маркази учун кўнгилли ёрдам сифатида 10 минг евро миқдоридаги чек топширилди.

 

ЎзА