Пойтахтимизда 18-19 май кунлари Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МДХМИ) битирувчиларининг V форуми бўлиб ўтади. Анжуман меҳмонлари қатори институт ректори, РФА академиги Анатолий Торкунов ҳам Тошкентга етиб келди. Шу муносабат билан Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов йиғилганларга форум дастури ҳақида маълумот бериб, кейинги йилларда Ўзбекистон – Россия муносабатлари янгича шаклда жадал ривожланаётганини таъкидлади.
МДХМИ ректори Анатолий Торкунов МДХМИ битирувчиларининг V форумини ўтказиш учун бир қатор давлатлар даъвогарлик қилгани, ташкилотчилар эса бир овоздан Ўзбекистонни танлаганини қайд этди. Зеро, бугунги кунда юртдошларимизнинг бир неча авлоди вакиллари нафақат мазкур олий ўқув юрти битирувчилари, балки халқаро жамоатчилик орасида ҳам муносиб ўрин эгаллайди. Қолаверса, бу жамоани Тошкент билан узоқ йиллик самимий муносабатлар боғлаб туради. 1966 йилги зилзила оқибатларини тугатишда институт талабалари ва ўқитувчилари фаол иштирок этган.
А.Торкунов сўзи якунида Тошкентда очилиши режалаштирилаётган МДХМИ филиали ва унинг битирувчилари мавжуд анъаналарни муносиб давом эттиришига ишонч билдирди.
Матбуот анжуманидан сўнг меҳмонлар И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейининг кўчма кўргазмасини томоша қилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.Абдувахитов иштирок этди.