Олий таълим муассасасига киришда сертификатларнинг аҳамияти қандай?

Маълумки, ҳозир кўпчиликни олий таълим муассасаларига кириш, имтиҳонларнинг қай тартибда ўтиши, соҳадаги янгиликлар, имтиёзлар ва ўзгаришлар қизиқтиради. Шу боис ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ДТМ ва айни йўналишда фаолият юритадиган ташкилот ва идораларнинг мутахассислари билан учрашувлар ташкил этилмоқда.
Бу каби тадбирлар олий таълим муассасасига киришга оид амалга оширилаётган ислоҳотлардан аҳолини хабардор этишга хизмат қилади.
Бу йил чет тилига оид сертификатлардан қай тартибда фойдаланиш мумкин?
Мутахассисларнинг маълум қилишича, В1 сертификати агар, 2019 йил 1 январгача олинган бўлса, муддати тугагунича амал қилади. Сертификатлар уч йилгача муддатга берилишини ҳисобга олсак, 2018 йил охиригача олинган В1 сертификатлари 2021 йилгача амал қилади.
Бу йил IELTS жавоблари 6 июлда чиқиши маълум қилинди. Лекин инглиз тили талаб қилинадиган баъзи олий таълим муассасаларида абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш 5 июлда якунланади. Демак, қабул тугаганидан сўнг бу сертификатнинг аҳамияти бўлмайди. Кейинги йилда эса у имтиёзга эга эмас. Бу жараёнда абитуриент сертификатсиз, умумий тартибда тест ечиб чиқиши керак бўлади. Мутахассислардан шу масалага аниқлик киритилиши сўралганида, улар ҳужжат топшириш муддатлари ҳукумат қарори билан аллақачон белгилаб қўйилгани, унга ўзгартириш киритиб бўлмаслигини қайд этди.
Шундан кўриниб турибдики, ҳали бу тизимда ўрганиладиган, тартибга солиниши керак бўлган масалалар талайгина.
Бу борадаги янгиликларни сайтимизда бериб борамиз.

 

ЎзА