Халқаро илмий-амалий конференция якунланди

Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида “Жаҳон цивилизациясида бахшичилик санъатининг ўрни” мавзуида икки кунлик халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Унда Франция, Болгария, Россия, Жанубий Корея, Молдова, Туркия, Эрон каби давлатлардан келган фольклоршунос олимлар, илмий тадқиқотчилар иштирокида бахшичилик ва достончилик санъатини ривожлантириш, халқ оғзаки ижоди дурдоналарининг Шарқ ва Ғарб маданияти ва санъати ривожидаги ўрнини янада ошириш, ўзбек ва бошқа халқлар достонларини илмий ўрганиш, ўзаро ижодий мулоқотни йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Анжуманнинг иккинчи куни ҳам олимлар, мутахассисларнинг қизғин баҳс-мунозараларига бой бўлди. “Бахшичилик анъанаси тарихи, назарияси ва ижрочилик маҳорати”, “Эпос – халқ маънавий меросининг дурдонаси сифатида”, “Бахшичилик санъатининг ҳозирги ҳолати ва уни асраш муаммолари”, “Эпик мерос этномусиқашунослик контекстида” каби мавзуларда маърузалар тингланди. Номоддий маданий мероснинг ҳаётимиздаги ўрни, халқларнинг миллий қадриятларини ривожлантириш ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамияти хусусида атрофлича фикр алмашилди. Ёшларни халқ оғзаки ижодидан йироқлаштираётган “оммавий маданият” ғояларига қарши таъсирчан чораларни қўллаш юзасидан тавсиялар билдирилди.
photo_2019-04-07_20-31-38.jpg
– Ўзбекистонда достончилик ва бахшичилик санъатининг бебаҳо бойлик сифатида қадрланаётгани ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади, – дейди Россиядаги “Мўғул халқлари маданий мероси” халқаро илмий маркази директори, филология фанлари доктори Василий Илларионов. – Мазкур конференцияда бу жиҳат алоҳида эътироф этилди. Лекин бугун Россияда ҳам санъатнинг ушбу турига ёшларда қизиқиш юқори деб бўлмайди. Анжуманда ана шу масалага эътибор берилгани айни муддао бўлди. Юртингизда ўтказилаётган бахшичилик санъати фестивали соҳа мутахассисларини ўйлантираётган ана шу муаммоларга ечим топишга йўналтирилгани билан ҳам эътиборга сазовор.
Анжуман якунида шуъба модераторларининг ҳисобот чиқишлари тингланди. Қадимий санъатнинг ноёб намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни ёш авлод онгига чуқур сингдириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди. Янги нашрлар тақдимоти ўтказилди.
photo_2019-04-07_20-31-39.jpg
photo_2019-04-07_20-31-41.jpg
photo_2019-04-07_20-31-45.jpg
photo_2019-04-07_20-31-47.jpg
photo_2019-04-07_20-31-48.jpg

 

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА