Ҳар ойнинг иккинчи ўн кунлиги аҳоли билан мулоқот кунлари этиб белгиланди

Ҳар ойнинг иккинчи ўн кунлиги Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари, туман (шаҳар) жамиятлари ижро этувчи аппарати раисларининг аҳоли билан мулоқот кунлари этиб белгиланди. 
Мазкур мулоқот кунлари доирасида улар ҳар ойда энг камида 5 тадан хонадонга шахсан кириб, хонадон аъзолари билан бевосита суҳбат қуриб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўради.
Жорий йилнинг февраль ойида Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ҳудудий бирлашмалари, туман (шаҳар) жамиятлари ижро этувчи аппарати раислари томонидан аҳоли (фуқаролар) билан жами 1 087 маротаба мулоқот ташкил қилинди.
Улардан 295 таси уй-жой коммунал, 186 таси савдо, 48 та соғлиқни сақлаш, 19 та алоқа, 59 та транспорт, 32 та хизмат кўрсатиш, 48 та таълим ва яна 400 таси бошқа соҳаларга тегишли камчилик
ва муаммолар аниқланган.
Мазкур мулоқотларнинг 298 таси тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш ва тегишли чора-тадбирларни белгилаш учун йўналтирилган.

 

ЎзА