Мамлакатимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш йўлида, юртимизда эрлар билан бир қаторда туриб меҳнат қилаётган хотин – қизларнинг ўрни алоҳида.
Юртимизда билимли ва ташаббускор, ўз меҳнатлари билан жамият равнақига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган фидоий аёлларимиз доимо элу-юртимиз ардоғида, давлатимиз эътиборида.
Барчамизга яхши маълумки мамлакатимизда биз аёлларнинг ҳуқуқи, эркинлиги, тенглиги энг олий ва муқаддас қадирият даражасига кўтарилган.
Жорий йилнинг 7 март санасида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори биз аёлларнинг кўнглимизни тоғдек кўтариб, янги марралар сари рухлантирмоқда.
ОАВ орқали қарор билан танишар эканмиз, унда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, тадбиркорлик соҳасида самарали фаолият юритиш механизмларини яратиш билан боғлиқ улуғ мақсад мужассам эканлигини чуқур ҳис қиламиз.
Айниқса, аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилиниши, ўз бизнес фаолиятини бошлаётган тадбиркор хотин-қизларга маҳаллалардаги бўш турган бинолардан жой ажратилишига кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилганлиги биз аёлларни хурсанд қилмоқда.
Нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган хотин-қизлар тадбиркорлик марказларининг ташкил этилаётгани тадбиркорлик билан шуғилланиш истагида бўлган кўп минг сонли опа сингилларимизнинг соҳага оид билим ва кўникмаларини оширишга, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, қарорда иккита яъни “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланганлиги жамиятда ижтимоий адолат тамойилларини қарор топтиришни асосий ғояси деб билган партиямиз вакилларига ҳам юксак маъсулият юклайди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, аёлга бахт берган мамлакат юксак марраларни забт этаверади, гуллаб-яшнайверади. Ўз аёлларини улуғлаётган, янгидан-янги улуғ мақсадлар сари қадам ташлаётган юртимизга кўз тегмасин.
Салима Абдиева,
Халқ депутатлари Чимбой туман Кенгаши депутати.