Замонавий логистика йўналишлари кўпаяди​

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти масъулларининг “Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини оширишда замонавий логистика йўналишларини кенгайтириш масалалари тўғрисида”ги ахборотлари эшитилди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси ҳамда Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда парламент қуйи палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, партия марказий кенгаши аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Бугунги кунда фуқаро авиациясини ривожлантириш, шу жумладан, ҳаво кемалари паркини янгилаш, парвозларнинг юқори даражадаги хавфсизлигини таъминлаш, аэропортлар инфратузилмасини, ҳаво ҳаракатини бошқариш ва малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича изчил чоралар кўрилди. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги махсулотларини экспорт қилишни кўпайтириш ва рағбатлантириш бўйича амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида 2018 йилда авиайўналишлар орқали маҳсулот экспорт қилиш географияси сезиларли даражада кенгайди.
Масалан, 2016 йилда “Ўзбекистан ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси орқали 800 тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ташилган бўлиб, шундан 75 фоизи Москва шаҳри йўналишига тўғри келади. 2018 йилда эса МАК рейслари орқали экспорт ҳажми 1 минг 850 тоннага етди.
Мамлакатимиз иқтисодиётининг қон томири бўлган темир йўл соҳасида ҳам истиқболли лойиҳалар бажарилмоқда. Жумладан, замонавий логистика хизматларини ривожлантириш, уларнинг сифатини ошириш ишлари тизимли амалга оширилмоқда. Тадбиркорларга қулайлик яратиш ва экспортга кўмаклашиш мақсадида юк жўнатувчиларга “Ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш, юкларни манзилларига етказиш муддатларини қисқартириш юзасидан имтиёзлар тақдим этилган.
Фракция аъзолари томонидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ янги логистика йўналишларини очиш, йўл харажатлари таннархини қисқартириш, соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва соҳада рақобатни ривожлантиришга етарли эътибор бермаётганлиги танқид қилинди.

 

А.МУСАЕВ, ЎзА мухбири