Нақд пул маблағлари берилиши мониторинги бўйича махсус бўлинмалар фаолияти тўхтатилди

Президентнинг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
“Ҳуқуқий ахборот” каналининг бу ҳақдаги хабарида айтилишича, киритилган ўзгартиришлар билан, корхоналар чет эл валютасидаги тушумни яширган ҳолларда Марказий банк, молия ва солиқ органлари томонидан қўлланадиган қуйидаги санкциялар бекор қилинди:
• молиявий санкцияларни қўллаш ва маъмурий жарима солиш;
• қоидаларни бузган ёки валюта назорати ва тартибга солиш нормаларига риоя қилиниши учун тегишли чора-тадбирлар кўрмаган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш.
Шунингдек, энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан ортиқ кунлик нақд пул тушумига эга хўжалик юритувчи субъектлар пулни банкка ўзлари ёки инкассация хизмати орқали топширади.
20 баравардан кам бўлганлар эса пулни инкассация хизмати орқали ўзлари белгилайдиган даврда ёки мустақил топширади. Илгари, пулни мустақил топшириш тартиби назарда тутилмаган эди.
Марказий банк томонидан тижорат банкларининг филиалларидаги нақд пул захиралари ҳажмининг энг кам миқдорини тасдиқлашига оид амалиёт бекор қилинди.
Тижорат банкларида нақд пул маблағлари берилиши мониторинги бўйича махсус бўлинмалар фаолияти тўхтатилди.
Бундан ташқари божхона чегараси орқали чарм, момиқ мўйна ва қоракўл хомашёларини олиб чиқиш Президент ёки Ҳукумат қарорлари билан амалга оширилиши белгиланди.
Илгари ушбу хомашёлар Давлат божхона қўмитаси ва “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси билан келишилган ҳолда Ташқи савдо вазирлиги томонидан бериладиган рухсатнома асосида олиб чиқилган.

 

ЎзА