Давлатимиз раҳбарининг фармони билан Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига ўзгартирилди. Унинг бош мақсадларига сўз ва ахборот эркинлиги конституцион ҳуқуқини таъминлаш, ОАВ ролини кучайтириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлигини таъминлашда ҳамкорлик қилиш, давлат хизматчиларига матбуот билан ўзаро ҳамкорлик қилиш маданиятини сингдириш кабилар киради. Бундай ўзгаришлар барча масс-медиа вакиллари қатори журналистларни ҳам қувонтирди. Узоқ йиллар давомида матбуот тўқнаш келган кўплаб муаммолар ўз ечимини топишига умид уйғонди. Улар орасида – тубдан ўзгартиришни талаб этадиган амалдорлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ҳам бор.
«Эртага қўнғироқ қилинг», «Расмий хат билан чиқинг», «Нима ҳақида гапиряпсиз, бизга ҳеч қанақа хат келгани йўқ», «Сизга керакли одам меҳнат таътилида», «Ҳозир бизда текширув кетяпти», «Раҳбарият нима деса шу-да, аммо ҳозир у жойида эмас, қачон келишиниям билмаймиз»… эҳ-ҳе, матбуот хизмати билан мулоқотда бундай гапларнинг қанчасини эшитиш мумкин. Ҳафталаб, айримлари, ойлаб, қўйнингизни пуч ёнғоққа тўлдиради. Якунида эса бошида келишилган саволларга жавобларни эмас, балки бутунлай бошқа нарсаларни, тўғрироғи, оддий расмиятчиликдан иборат қуппа-қуруқ хатни жўнатишади. Натижада газеталар саҳифаларида ёрқин ва асосланган мақолаларни эмас, балки «нимани беришган бўлса, ўшандан ясадим» қабилидаги қуруқ ҳисоботларни ўқиган муштарийларнинг кўнгли тўлмайди.
Наҳотки, бундай амалдорларга аҳолининг муҳим ҳодисаларни расмий хабарлардан эмас, балки уч-тўрт кун ўтиб танишлари ёки ижтимоий тармоқлардан билиб олиши фойдали бўлса? Бундай ҳодисалар эса бир марта кузатилмаган: кимлардир томонидан пенсия ёшининг оширилиши, уйларнинг бузилиши, касалликларнинг тарқалиши ҳақидаги бир қанча бемаъни миш-мишлар пайдо бўлди.
– Бундан бир неча йил муқаддам хорижий ОАВда Ўзбекистонда Қорбобони тақиқлаб қўйишгани ҳақидаги ахборотни олайлик. Бу хабар яшин тезлигида бутун дунёга тарқалиб кетди. Аммо ҳалигача мамлакатнинг бош арчаси ёнида, бутун республика бўйлаб янги йил байрами муносабати билан ўтказиладиган турли тадбирларда Қорбобо диққат марказида бўлганини ва мавжуд ҳақиқатнинг бузиб кўрсатилгани борасида журналистларга бирорта матбуот хизмати мурожаат қилмади. Бундан ҳам ёмонроқ мисоллар ҳам бор, бу ташқаридан ҳеч қандай зарарсиздай туюлади, аммо бундай миш-мишлар мамлакат нуфузига путур етказади, – дейди матбуотда 30 йилдан зиёд фаолият кўрсатган, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ботир Темиров.
– Бир неча йил олдин шаҳар йўлларининг таъмирланиши ҳақидаги маълумотлар эълон қилина бошланди, – сўзида давом этади ҳамсуҳбатимиз. – Бу аҳоли ва ОАВнинг оммавий шикоятларидан сўнг пайдо бўлди. Аслида бу аллақачон оддий иш сифатида қабул қилиниши керак эди. Боз устига биринчи мақоланинг чиқишига кўрсатилган жойларнинг кўпида таъмирлаш ишлари якунига етиб ҳам бўлганди. Бироқ ахборот хизмати мутахассислари далилларга эътибор қаратмаса, олдини олиш борасидаги ишлар тўғрисида нима ҳам дейиш мумкин. Аммо тушунмовчиликларга барҳам бериб, ОАВ орқали аҳолига олдиндан қонунчиликдаги у ёки бу ўзгариш нима беришини маълум қилиб қўйиш шунчалик қийинми?
Журналистларнинг материаллари ва муштарийларнинг хатлари оддий одамлар учун долзарб саналган мавзуларга оид, албатта. Поликлиниканинг кўчирилиши, транспортлар йўналишларининг ўзгартирилиши, дарахтларнинг кесилиши ёки авиачипталарни харид қилишнинг янги тартиблари ҳақида ўз вақтида уларни хабардор этишни ҳеч ким ўзига эп кўрмаган. Бу эса ҳар ким ўз фикри ва тажрибаси билан ўртоқлашадиган, баъзан ҳатто, вазиятга мутлақо тескари фикрлар «онлайн ошхонаси»да қизғин муҳокамаларга сабаб бўлади. Мос тузилмаларнинг матбуот хизматларига бундай ҳолларга аниқлик киритишга нима халақит беради ва қандай сирни яширадилар? Нега раҳбарларига чиқишга йўл қўймай, уларни худди ғоят сергак қоровуллар каби ОАВнинг «хира» эътиборидан қўриқлашади? Нима учун тижорат компанияларидан ўрнак олиб, фуқаролар билан ижтимоий тармоқ ва бошқа веб-ресурслар орқали мулоқотга киришиш мумкин эмас? Бундай вазиятлар ҳали кўп эмас.
«Правда Востока» айрим ҳокимият органлари билан долзарб мавзуларда биргаликда материаллар тайёрлаш режасини тузганди, аммо бунга ҳаммаси ҳам жавоб бергани йўқ. Айримлари ҳатто, гапириб беришлари мумкин бўлган масалалар рўйхатини тақдим этишди. Аммо кейин уларнинг айримлари ўзлари тасдиқлаган режа бўйича бирор ахборот беришдан бош тортишди. Бошқа мақолалар ҳам режалаштирилган муддатнинг ўтиб бораётгани ҳақидаги қайта ва қайта қўнғироқлардан сўнг кечикиб чиқди. Чиндан ҳам, ўнг қўлинг қилган ишдан чап қўлинг мутлақо бехабар вазияти.
Ҳокимият расмиятчилик хати жўнатди
Шу ва шунга ўхшаган мавзуларга изоҳлар олиш учун таҳририят давлат органларига расмий хат билан мурожаат қилади. Уларнинг бир қисми сирли сабаблар билан манзилига етиб бормайди ёки раҳбарларга фаолияти ҳақида ошкора ҳисобот бериш талаб қилинмайдиган бошқа ишларга аралашиб қолиб кетади. Аммо кўпларига жавоблар келади, албатта. Уларнинг айримлари баъзан нафақат қонунга, балки соғлом ақлга ҳам зид ва матбуотни очиқ-ошкора ҳурмат қилмасликдан далолат беради. Дейлик, ҳокимият «ахборотни маълумотга олиб қўйди», аммо муаммоли вазият қандай бўлса, шундайлигича қолаверади. Бошқа вазирликдан норматив-ҳуқуқий ҳужжатда келтирилган аниқ сўзларга тушунтиришлар ва изоҳлар сўралди, у ёқдан эса худди ўша иқтибоснинг ўзини келтирган ҳолда қайтди, холос. Агар саволлар ана шу олинган жавоблари билан чоп этилса, нашр ёки муассаса борасида одамлар қандай фикрга келган бўларди?
Энг сўнгги мисоллар: 2018 йилнинг декабрида таҳририят Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари номига хат жўнатганди. Унда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида Ҳаракатлар Стратегиясининг амалга оширилиши натижалари, Президент топшириқларининг бажарилиши, мавжуд муаммолар ва келгуси вазифалар борасида материаллар тайёрлаш таклиф этилганди. Ўқувчилар мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижаларига баҳо бериши мумкин бўлган бутун бошли цикл режалаштирилган эди. Бироқ хатга фақат Қорақалпоғистон ва Сурхондарё раҳбарларидангина жавоб келди. Наҳотки қолган ҳокимларда бажарилган ишлар ҳақида айтадиган гап бўлмаса?
Яна бир бошқа вазият, жорий йилнинг 6 февраль куни пойтахт қурилиши Бош бошқармасидан жавоб олдик. Ҳаммаси яхшидек гўё, аммо биз уларга икки ой муқаддам, 3 декабрда саволлар билан хат жўнатган эдик, келган хатда эса 10 январь санаси кўрсатилган (хат бир ойда келган!). У ҳам бўлса саволларга жавоблар тайёрлаб берилиши ҳақидаги навбатдаги қуруқ расмиятчилик хати. Яна қанча кутиш керак?
Биз давлат ва хусусий ОАВда меҳнат қилаётган ҳамкасбларимиз, газеталар, телевидение, радио ва онлайн-нашрлар ходимлари ўртасида амалдорлар ва ахборот хизматлари билан муносабатлар қандайлиги борасида сўровнома ўтказдик. Ҳаммаси (!) биз дуч келган ҳолатга ўхшаш вазиятлар билан тўқнашишган. Йиллар давомида уларнинг ҳам бисотида ўнлаб, ҳатто, юзлаб бундай ҳолатлар йиғилиб қолган экан. Буларга шахсан шарҳ берувчи номзод топилмади – ҳаммаси бир овоздан матбуот-котиблари ва расмий тузилмалар билан маслаҳатлашиб, гаплашиб олишга тўғри келишини рўкач қилишди. Аммо ҳамкасбларимиз кўпгина нарсалар ҳақида сўзлаб беришди.
– Энг кенг тарқалган ҳолат, бу матбуотнинг сўровларига беписандлик, – дейди марказий газеталардан бирининг ходимаси. – Давлат қўмиталаридан бири ўша пайтда амалда бўлган муддатларга кўра таҳририят сўровини умуман писанд қилмади. Хатни топширишган мутахассисга қўнғироқ қилганимизда: «Бизда одам кам ва ўзимизнинг ишлар ҳам бошимиздан ошиб ётибди, яна хатлар билан ҳам шуғулланишимиз керак», деган жавобни олдик. Бу ҳам уларнинг расмий ишининг бир қисми экани мутлақо муҳим эмас, журналистлар ҳам «ишдан чалғитувчи» қўнғироқлари билан ўзининг ишини қилишяпти-да! Дарвоқе, орадан бир-икки ҳафта ўтиб биз жавоб олдик. Унда сўров янглиш жўнатилгани ёзилганди. Яъни ишга жуда кўмилиб кетган мутахассислар бир ярим ой давомида газетадан келган ўн қаторгина хатни ўқиб кўриш имконини топа олишмаган бўлиб чиқяпти. Аммо қонунга кўра, биринчи ҳафтадаёқ масала уларнинг ваколатларига кирмаслиги ҳақида огоҳлантиришлари лозим эди. Таҳририятнинг эса янги хатни тайёрлаб, бошқа муассасага жўнатишига ва яна сабр-тоқат билан кутишига тўғри келди…
Таҳририятларнинг давлат ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро муносабатлари ва улар номидан иш юритадиган матбуот хизматлари – медиа майдонидаги умумий вазиятнинг кўзгусидир. Сўнгги ўн йиллар мобайнида мамлакатимиз ОАВ катта йўлни босиб ўтди, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида», «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида», «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида» ва бошқа қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Узоқ тайёргарлик ва апробациядан сўнг муҳим, бир томондан тор жойларни кенгайтириш, фуқароларнинг ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқини таъминлаш, бошқа тарафдан расмий тузилмаларнинг қабул қилинаётган қарорлари сифати борасидаги масъулиятини оширишга қаратилган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Бу ва бошқа ҳужжатлар ахборотни тўсиқсиз излаш, олиш, тарқатиш ҳуқуқини, шунингдек, давлат ҳокимияти органлари, бошқаруви, жамоатчилик бирлашмалари ва ННТнинг ОАВга социум учун қизиқарли бўлган ҳодисалар, далиллар, воқеалар ва жараёнлар ҳақидаги хабарларни беришдаги мажбуриятини ҳам белгилаб берди. Аммо бирорта ҳужжат кўпгина амалдорларга хос бўлган ва қон-қонига сингиб кетган ОАВ билан ишлашга ёндашувини бир зумда ўзгартира олмайди…
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Ҳаракатлар стратегияси ўзгаришларга йўл очиб берди. Унинг биринчи, асосий таркибида оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш ҳақида сўз боради. Президентимизнинг 2018 йил Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида: «Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда «тўртинчи ҳокимият» даражасига кўтарилиши зарур. Бу – замон талаби, ислоҳотларимиз талаби. Биринчи навбатда медиа тармоқлари фаолияти самарасини ошириш, уларни халқ билан мулоқотнинг ишончли воситасига айлантириш, замонавий ахборот хизматлари бозорини, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш сингари долзарб масалалар доимий эътиборимиз марказида бўлиши керак. Ҳозирги вақтда ҳаётимизда амалга оширилаётган модернизация ва янгиланиш жараёнларининг туб моҳиятини халқимизга етказиш, одамларни янги марралар сари сафарбар этиш, олдимизга қўйган вазифаларни сифатли амалга оширишда сизларнинг таъсирчан сўзингиз, фаол гражданлик позициянгиз сув билан ҳаводек зарур»лигини таъкидлади.
Агар турли томонларга, давлатга ва аҳолига сўз берилмаса, матбуот мулоқот ва жамоатчилик назорати учун майдон бўла олмайди. Бунда на ОАВни назорат қилишнинг иқтисодий механизмлари, на маъмурий босим, на манбаларнинг ёпиқлиги ва на ўз-ўзини цензура қилиш бўлмаслиги учун ҳокимият органлари билан ўзаро муносабатларни тўғри йўлга қуйиш жуда муҳим. Зеро, амалиёт соҳада ҳаммаси ҳам силлиқ эмаслигини кўрсатмоқда. «Айниқса, ҳаётимиздаги мавжуд муаммоларни, жойларда ташкил этилган Президентнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонада аҳоли томонидан кўтарилаётган ўткир ва долзарб масалаларни, уларнинг сабаб ва омилларини очиб бериш, жамиятимизда танқид ва ўзини ўзи танқид руҳини кучайтириш, афсуски, оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳали тўла ўз ифодасини топгани йўқ. Эл-юртимизнинг эзгу орзу-истакларини рўёбга чиқариш, бу йўлда ғов бўлиб турган турли тўсиқларни, бюрократизм, лоқайдлик, таъмагирлик, коррупция каби салбий иллатларни дадиллик билан кўтариб чиқиб, уларга қарши муросасиз жамоатчилик фикрини шакллантиришни ўз касби, ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган журналистларни мен ҳақиқий журналист деб ҳисоблайман», дея таъкидлаганди давлатимиз раҳбари 2017 йилда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табригида.
Барча даражадаги амалдорлар ОАВ билан мулоқотга тайёрми?
Ушбу мавзу янги эмас. Масалан, 1997 йилда Фарғона вилояти халқ депутатлари кенгаши сессиясида: «Мухбирларнинг ахборот олишда катта қийинчиликларга дуч келаётгани ҳеч кимга сир эмас, ушбу муҳим масалага ахборот бериш мажбурияти юклатилган амалдорлар лоқайдлик билан қарамоқда. Нега вилоят ва туманлар ҳокимлари, вазирлар ва бошқа масъул кишилар матбуотдан қочади? Нимадандир қўрқишадими? Ё қўйилган саволларга жавоб бера олмайдими? Нега матбуот ходимлари олдида ўзларини йўқотиб қўйишади? Ёки уларда ўзининг бевосита мажбуриятларини бажара туриб очиқ гапириш, мазмунли жавоблар беришга куч, малака, жасорат етмайдими?.. Бизнинг очиқлигимиз душманларимиз тарқатаётган турли уйдирма, туҳмат ва бўҳтонларга қарши жавоб зарбаси бўлади. Шундагина «ўзгалар кўзидан зарра чўп қидирадиганларга» ҳеч қандай иш қолмайди».
Матбуот хизматлари давлат органлари ва ОАВ ўртасидаги асосий кўприк бўлиб хизмат қилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 сентябрдаги «Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида «давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ушбу босқичдаги ишлари ахборотлар алмашишнинг замонавий талаблари ва стандартларига ҳали тўлиқ жавоб бермайди, зарур даражадаги фаоллик мавжуд эмас, етарли ташаббускорлик кўрсатилмаяпти», дея келтирилади. Вазиятни тўғрилаш учун ҳукумат вазирликлар ва маҳкамалар таркибида муассасанинг ахборот сиёсатини амалга ошириш, унинг фаолиятидаги долзарб масалаларни ОАВда ёритиш, медиа ва жамоатчиликнинг у ҳақидаги фикрини таҳлил қилиш учун ахборот хизматини ташкил этиш борасида топшириқ берди. Уларни юқори малакали кадрлар, замонавий моддий-техник база билан таъминлаш ва бошқа бўлинмалар билан алоқаларини ташкил керак бўлади.
Ҳукуматнинг мазкур қарори янгиси, 2018 йил 15 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорнинг қабул қилиниши муносабати билан ўз кучини йўқотди. Ҳужжатда: «давлат ва хўжалик бошқаруви соҳасида очиқлик ва шаффофликка асосланган самарали қарорлар қабул қилиш тизимини жорий этиш, ахборот олишда мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги ҳисобдорлиги, очиқлиги ва масъулиятини таъминлаш зарур. Бу давлат ва хўжалик бошқаруви аппаратининг самарали фаолият юритиши ҳамда жамиятда адолатни қарор топтиришнинг муҳим шарти ҳисобланади. Бунда жамиятни давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятидан кенг хабардор қилиш, уларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир» деган конституциявий нормани амалга оширишнинг, «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган эзгу ғояни рўёбга чиқаришнинг муҳим шарти ҳисобланади», дея таъкидланган.
Чиндан ҳам, жуда кўп ишлар амалга оширилган ва буни сўровнома ўтказган журналистлар ҳам тасдиқлайди. Бухоро ва Самарқанд вилоятларида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси апробацияси бўйича ҳуқуқий тажриба ўтказилди. Вазирлар Маҳкамаси ва БМТТД Жиззах ва Наманган вилоятларида пилот ахборот хизматларини барпо этиш лойиҳасини ишга туширди. Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон ахборот агентликлари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтлари миллий ва халқаро ҳамкорлар кўмагида расмий тузилмалар ахборот хизматларининг ОАВ билан ўзаро биргаликдаги фаолиятини яхшилаш бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда, семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ва конференциялар ташкиллаштирмоқда. Асосий аудитория – журналистлар ва сўнгги пайтларда кўплаб вазирлик ва идораларда очилган матбуот хизматлари ходимларидир.
Вазир учун ортиқча ташвиш
– Аммо ҳамма жойда ҳам ўз ишининг маъносини тушунадиган, муассаса, баъзан бутун бошли соҳа нуфузи учун ҳаракат қиладиган керакли мутахассис ишлаяптими? Бу ерда инсон омили катта роль ўйнайди. Лекин баъзи вазирликлар раҳбарларининг матбуот хизматини ортиқча ташвиш сифатида қабул қилаётгани ачинарли ҳол. Шу боис ҳам унинг раҳбари мажбуриятлари бошқа бўлимлар ходимларига, яна жамоатчилик асосидa юклатилган. Балки бу мазкур ташкилотда бундай мақом йўқлиги сабаблидир? Икки кишилик юкламани қандай уддалаш мумкин? – дейди ҳамсуҳбатимиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист. – Муҳим бир вазирликдаги матбуот хизматининг ҳеч қачон ўзгармас раҳбари ўз маҳкамасининг тадбирларига деярли ҳеч қачон таклиф қилмасди. У ерда бизнинг мухбиримизни кўриб, чинакамига ҳайратга тушди: «Буни қаердан билдинглар, мен бирор хабар берганим йўқ-ку?!» Ушбу вазирликда сўнгги йилларда беш марта раҳбар алмашди, аммо номи тилга олинган хизматни ҳамон ўша одам бошқаради… Қаерлардадир матбуот-котиблари қўлқопдай алмашади – кўпчилиги учун бу «иссиққина» жой учун зина вазифасини ўтагани боис унчалик жон койитиб ишлашмайди ҳам. Натижалар ҳам кўзга кўринмайди. Айримлари етарлича тайёргарликка эга эмас. Баъзилари ўз мажбуриятларидан ташқари бўлинмалар ходимлари қандай масалалар билан машғуллигини ва матбуотга ким изоҳлар, жавоблар бера олишини билмайди. Учинчилари пресс-релиз тайёрлашни ҳам билишмайди-ю, бироқ журналистларга қандай ёзиш ва қандай кийинишни ўргатишга ҳаракат қилади!
Бунинг бари – шахсий амалиётимда ўзим дуч келган мисоллар ва турли ОАВда ишлаётган ҳамкасбларимнинг сўзлаб берганлари. Шу боис журналистларда кўпинча савол туғилади: ҳокимият органлари раҳбарлари бундай ходимларни тайинласа ва уларни шу лавозимда ушлаб турса, ОАВ билан ишни қандай ташкиллаштиришни биладими ўзи, деган. Нима учун очиқлик учун бунга ваколати ҳам, хизмат вазифасини бажаришдан манфаатдорлиги ҳам бўлмаган кишилар жавоб бериши керак? Ёки айрим вазир, ҳоким ва бошқа ходимларни бундай вазият қониқтирадими?
Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йилги қарорида ҳам маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари билан мунтазам (ойига бир мартадан кам бўлмаган) матбуот конференциялари, брифинглар ўтказиб туриши белгилаб берилган. Аммо ана шу пунктга қатъий амал қилаётган қанча маҳкамани биламиз? Яна бир томондан, бошқаларга айтадиган гапнинг ўзи ҳам бўлмайди, айримлари ҳатто, йилига атиги бир мартагина матбуот конференцияси ташкил этади, холос. Бироқ ҳалиям кўпгина маҳкамаларда ўзи ташаббус кўтариб, журналистлар билан мулоқот қилиш истаги йўқ. Агар тўғридан-тўғри мурожаат қилинса – яна пуч ваъдалар билан «қоринни тўйғазадилар». Мақолани тайёрлаш жараёнида журналистлар билан суҳбатлашганимизда, улар интервью беришни кунлаб эмас, ҳафталаб эмас, балки йиллаб ортга сурадиган шундай тузилмалар ва одамлар борлиги ҳақида гапиришди! Қатор маҳкамалар иши ҳақида маълумотлар йўқ ва ҳафтасига камида бир марта янгиланиб турилиши лозим бўлса-да, уларнинг веб-сайтларида ҳам шундай ҳолат ҳукмрон.
Матбуот хизмати ишида яна қанча муаммо бўлади?…
Президентимизнинг 2019 йил 2 февралдаги «Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида: «Давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва ташкилотлари матбуот хизматларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги етарли даражада йўлга қўйилмаган», дея аниқ ёзилганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Ва яна: «Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига идоравий бўйсунувидаги матбуот хизматлари (жамоатчилик билан ишлаш бўлинмалари)нинг сифатли фаолият юритиши, улар олдига қўйилган вазифаларнинг самарали бажарилиши, шунингдек, уларни малакали мутахассислар билан тўлдирилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин», дея келтирилади.
– Оммавий ахборот воситаларининг муҳимлиги, унинг фуқаролик жамиятини ривожлантиришдаги роли ва ҳиссасига юқори баҳо беришнинг имконияти йўқ. Президентимиз ҳам мамлакатимизда сўз эркинлигини ривожлантиришга улкан эътибор қаратмоқда ва ушбу ишга қўлимдан келганча ҳисса қўшиш мен учун шараф ва улкан масъулиятдир. Агентлик раҳбари сифатида маҳкаманинг сўз ва матбуот эркинлиги ривожига ҳисса қўшаётган орган сифатида журналистлик фаолияти эркинлиги кафолати сифатида қабул қилиниши учун қўлимдан келган барча ишни қиламан, – дейди Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов лавозимига тайинланганидан сўнг. – Агентлик Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Газеталаримиз, теле-радиоканалларимизда ошкоралик, таҳлил ва холис танқид руҳи кучайгани, бевосита хорижий мамлакатлардан тайёрланаётган материаллар сони ортиб бораётганини биз ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз», деган сўзларини ҳаётга татбиқ этиши керак…
Биз барча матбуот хизматларига тош отишдан йироқмиз. ОАВ билан фаол ҳамкорлик қиладиган чинакам, том маънодаги мутахассислар ҳам бор. Масалан, «Правда Востока» газетаси таҳририяти халқ таълими, мактабгача таълим, молия, адлия, инвестиция, ташқи савдо вазирликлари, Касаба уюшмалари федерацияси, Марказий банк, Олий суд ва қатор бошқа ташкилотларнинг ахборот хизматлари билан ўзаро самарали муносабатларни йўлга қўйган. Улар мунтазам равишда ўтказаётган тадбирлари ва янгиликлар ҳақида хабар қилиб туришади, пресс-релизлар тайёрлашади ва сўровларга вақтида жавоб қайтарадилар. Ана шу матбуот хизматлари туфайли саҳифаларимизда мунтазам номлари юқорида тилган олинган соҳалар ривожланиши, шунингдек, ҳаётнинг ушбу муҳим жабҳаларини оммага етказишдан манфаатдор муассасалар раҳбарларининг чиқишлари ҳақидаги тезкор ва долзарб материаллар чоп этилади.
Айрим йўналишлар ҳақида маълумотларни мисқоллаб, масъул кишилардан сўраб-суриштириб йиғишга тўғри келади. Бунинг бари нафақат давлат сиёсатини, йиллик мақсадли дастурларни амалга оширишга оид мақоланинг вақтида эълон қилинишига, балки бошқа ҳужжатларга ҳам тўсқинлик қилади. Бу мамлакатимиз раҳбарининг қарорлари ҳар бир маҳкамада ўзича ва нотўғри талқин қилинаётгани ва амалга оширилаётганидан далолат беради ҳам. Зеро: «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунда: «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат: улар томонидан тақдим этиладиган ахборотдан ҳамманинг фойдаланиши мумкинлиги, унинг ўз вақтида берилиши ва ишончлилиги; улар фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлиги», дея аниқ келтирилган. Агар жамият ўз сўровига сукут кўринишидаги жавобни олса, бу ўзини халқи олдида ҳисоб бериши керак эмас, дея ҳисоблаётган, ўзлари эса уларнинг пули ҳисобига таъминланаётган тузилмаларнинг хатосидир. Бу маҳкам ёпилган эшикларни тақиллатишга ўхшайди. Ахборот асрида ахборот эркинлигига паст баҳо бермаслик керак. Бўшлиқни эса дарров турли асоссиз миш-мишлар тўлдиради, муассасанинг нуфузи эса фуқаролар кўз ўнгида тўлиқ асос билан туша бошлайди. Ҳурматни йўқотишдан кўра, тиклаш анча қийин.
Рамиль Исломов.
«Правда Востока» газетасининг 2019 йил 8 февраль 27 (28990)-сонида эълон қилинган.