Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидан 200 километр, Нукусдан 400 километр олисда Возрождение оролининг Шағала деб номланувчи жойи бор. Ўша ҳудуддан – Орол денгизининг қуриган майдонидан чучук сув топилди.
Куни кеча – 26 январь куни сув кўзининг топилиши муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Тадбирда қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мўйноқликлар ҳамда Оролнинг қуриган майдонида меҳнат қилаётган ҳашарчилар қатнашди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси М.Ерниязов йиғилганларни ушбу муҳим янгилик билан қутлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мўйноқ туманига алоҳида эътибор қаратмоқда. 2017 йилда туманга 101 километрлик ичимлик суви тортилди. Давлат раҳбари 2018 йили 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи давомида, Мўйноқ туманига ҳам сафар уюштириб, ҳудуд аҳолиси билан учрашиб, туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун қатор вазифалар белгилаб берди. Мўйноқ туманини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди.
– Жанубий Орололди артезиан бассейни ер ости сувлари Чимбой, Тахтакўпир, Қораўзак туманлари ҳудудларини қамраб олади, – дейди Оролбўйи дала гидрогеологик экспедицияси бошлиғи Шавкат Олимов. – Фойдаланишга яроқли бундай сув кўзлари ушбу туманларда ҳам топилган. Жанубий Орололди артезиан бассейни ер ости сувларини махсус ускуналар ёрдамида чучуклантириб, ичимлик суви сифатида фойдаланса ҳам бўлади. Ҳозирги кунда Чимбой, Қораўзак, Тахтакўпир туманларида шундай ускуналар ёрдамида аҳоли сувни истеъмол қилиб келмоқда.
– Чучук сув кўзларининг очилиши Мўйноқда чорвачилик соҳасини ривожлантиришга асос бўлади, – дейди Мўйноқ тумани ҳокими Сайлаубай Данияров. – Шунингдек, экологик вазият яхшиланади. Қушлар, ёввойи ҳайвонлар келади. Биохилмахиллик ривожланади. Пайдо бўлган намликдан эса тузнинг ҳавога кўтарилишига ҳам тўсиқ бўлади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Муродов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари О.Раматов иштирок этди.