Орол денгизининг қуриган майдонларига саксовул экиш ишларида Навоий вилояти ҳашарчилари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Денгизнинг қуриган тубидаги “Сургил“ номли ҳудудида саксовул экиш ишларида Навоий вилоятидан жами 60 дан ортиқ киши, жумладан, фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва ўрмон хўжалиги ходимлари, механизаторлар иштирок этмоқда.
– Бу хайрли ишда барча ҳудудлар вакиллари жонбозлик кўрсатмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси етакчи мутахассиси Аҳмад Саъдуллаев. – Навоий вилоятидан келган ҳашарчилар асосан экиш ишларида қатнашмоқда. 20 та техника билан кунига 2-2,5 минг гектар майдонга саксовул уруғи экиляпти. Ҳар гектарга 5-6 килограмм саксовул уруғи ташланмоқда. Ишчилар учун барча шароит яратилган. Ўрмон хўжалиги ходимлари ва механизаторлар ҳар 10 кунда алмашиб ишлайди. Ушбу экологик муаммони бартараф қилишда иштирок этаётганидан ҳамма хурсанд, ўз ишини сидқидилдан бажармоқда. Бу ерлар юртимизнинг бошқа ҳудудларига нисбатан совуқ. Бепоён саҳро бўлганидан изғирин кучли. Шунга қарамасдан, денгиз чекиниб кетгани билан ходимларимиз чекинишни истамайди. Тасаввур қилинг, 7-8 йилдан кейин бу жойлар тўқайзорга айланади. Мана шу нарсани кўнглимиздан ўтказиш бизга куч-ғайрат беряпти. Яқинда Бухоро, Навоий вилоятларида бўлдим. У ерларда ҳам аҳоли Оролга мадад бўлиш мақсадида саксовул уруғини йиғмоқда. Қисқаси, давлатимиз раҳбарининг бу эзгу ташаббуси ҳаммамизни ягона мақсад атрофида бирлаштириб, туганмас куч-қувват бермоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, бу тадбирларда жами 1 минг 100 га яқин киши қатнашмоқда. Уларнинг 200 нафари тайёр уруғни қопларга жойлаштирса, 775 киши ерни тайёрлаш ва экишда иштирок этаётир. 70 га яқин киши Орол бўйидаги участкаларга ўтин захираси яратиш учун кўмаклашмоқда. Шунингдек, 549 техника, 2 самолёт жалб этилган.
Саксовул экиш учун жами 326 минг гектардан зиёд ер майдони тайёрланган. Қарийб 103 минг 300 гектар майдонга 412 минг 300 килограмм саксовул уруғи экилган.
Шу кунгача жами 622 минг 500 килограмм саксовул уруғи тайёрланган. Уруғ тайёрлашда Қорақалпоғистон Республикаси туманлари, Навоий, Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари фаол қатнашмоқда.
Есимхон Қаноатов, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА