Ўзбекистонда Қозоғистон йили мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янги, янада юқори босқичга кўтаради

Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саидикром Ниёзхўжаев билан мамлакатларимиз ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида суҳбатлашдик.

– Элчи жаноблари, мамлакатимиздаги кенг кўламли ўзгаришлар ва халқаро ташаббуслар ҳақида Қозоғистон жамоатчилиги, сиёсий ва таҳлилий доираларининг фикри қандай?

– Жаҳон миқёсида кузатилаётган ва тобора кучайиб бораётган глобал ўзгаришлар, рақобат, қарама-қаршилик, турли манфаатлар тўқнашуви, геосиёсий зиддиятлар даврида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизни тараққий эттириш, барча давлатлар билан ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат олиб боришга йўналтирилган ислоҳотларга Қозоғистон жамоатчилиги ҳам катта қизиқиш билдирмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз томонидан олиб борилаётган Ўзбекистоннинг ҳар томонлама чуқур ўйланган ташқи сиёсати туфайли, Қозоғистон сиёсий доиралари таъбири билан айтганда, Марказий Осиё минтақасида қисқа вақтда янги сиёсий иқлим ташкил топди ва бунинг натижасида қўшни давлатлар билан дўстона ва ўзаро ишонч руҳидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга эришилди.

Ўзбекистон Президентининг БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа халқаро ташкилотларда илгари сурган ўта муҳим ташаббусларини Қозоғистон томони ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йил 15 март куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви бунга ёрқин мисол бўла олади. Натижада Марказий Осиё минтақасида кўп қиррали ҳамкорликнинг таъсирчан механизми, хавфсизлик ва барқарорликнинг муҳим омилига айланган очиқ ва конструктив мулоқот майдони пайдо бўлди.

Яна бир мисол сифатида Ўзбекистон раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида илгари сурган “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” ҳамда “Маърифат ва диний бағрикенглик” тўғрисидаги ташаббуслари бўйича БМТ резолюциялари бир овоздан қабул қилингани ва бу ҳужжатлар қатор давлатлар, жумладан, Қозоғистон билан бирга ишлаб чиқилганини таъкидласа бўлади. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

– Сиз раҳбарлик қилаётган элчихона томонидан кейинги икки йилда Қозоғистондаги ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туристик алоқаларни ривожлантириш бўйича қандай ишлар бажарилди?

– Кейинги икки йилда қозоғистонлик шериклар билан савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш, транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлик, ҳудудлар даражасидаги ўзаро алоқаларни кенгайтириш ва бошқа масалалар бўйича аниқ ижобий натижаларга эришдик. Қозоғистонда 2018 йил Ўзбекистон йили, деб эълон қилингани икки томонлама муносабатларда янгича суръат, сифат ва мазмун касб этди.

Мамлакатларимиз ўртасида машинасозлик, электротехника, озиқ-овқат саноати, туризм, транспорт ва логистика соҳаларида кооперация дастурлари ва лойиҳалари амалга оширилмоқда. Буларнинг замирида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев томонидан олиб борилаётган сиёсат ҳамда юқори даражадаги очиқ ва дўстона муносабатлар мужассам.

Қисқа вақтда икки давлатнинг ўзаро савдо ҳажми юқори суръатларда ўсиб, 2017 йилда 2 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан яна 30 фоиздан зиёд ошганини кузатиш мумкин. Бундай марраларни қўлга киритишда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар динамикаси фаоллашгани, Ҳукуматлараро қўшма комиссия доирасида мунтазам учрашувлар ва 2018 йилда биринчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўтказилгани муҳим ўрин тутади.

Бу жараёнда элчихонамиз ҳам фаол иштирок этмоқда. Мамлакатимизнинг тегишли ташкилотлари билан биргаликда қатор тадбирлар ташкиллаштирилди. Жумладан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ташқи савдо вазирлиги ҳамкорлигида Чимкент шаҳрида Ўзбекистон – Қозоғистон ишбилармонлари кенгашининг биринчи мажлиси ва бизнес-форуми муваффақиятли ўтказилди.

Алмати шаҳрида ўтган “Болалик” ва “Болалар модаси – 2018” кўргазмаларида элчихона томонидан ташкил этилган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган болалар кийим-кечаклари тақдимоти натижасида “Лорат текстиль” компанияси қозоғистонлик ҳамкорлар билан шартнома имзолади. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан биргаликда “Казахстан темир жоли” миллий компанияси ва Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари иштирокида ўтказилган музокаралар натижасида темир йўл транспортида маҳсулот ташишда имтиёзлар тақдим этишга келишилди.

Ўзбекистон товар-хомашё биржаси билан “Товарная биржа “ЕТС” АЖ келишувига мувофиқ, Алмати шаҳрида биржа савдолари электрон тизимига боғланган биринчи хорижий савдо майдончаси иш бошлади. Мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туристик алоқаларни ривожлантириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари бошчилигидаги ишбилармон доиралар вакилларининг Қозоғистон вилоятларига ташрифи ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмалари ташкил этилди.

Чимкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон – Қозоғистон биринчи ҳудудлараро форумида умумий қиймати 324,7 миллион АҚШ долларидан ортиқ шартномалар имзоланди. Ҳудудлар ўртасида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича 15 та келишувга қўл қўйилди.

Умуман, 2018 йилда элчихона мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари, ҳудудлари билан бирга ўтказилган тадбирлар натижасида икки давлат кичик ва ўрта бизнес субъектлари ўртасида қиймати 409,6 миллион долларга тенг экспорт шартномалари имзоланди.

Қозоғистонлик ҳамкорлар билан ўтган йили Қозоғистонда Ўзбекистон туризм йили ўтказилди. Унинг доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Март ойида Остона шаҳрида Ўзбекистон – Қозоғистон биринчи сайёҳлик форуми ўтказилди. Унда икки давлатдан 200 дан зиёд туроператор қатнашди.

Алмати шаҳрида ўтган “Kazakhstan international Trade” халқаро сайёҳлик ярмаркасида мамлакатимиз вакиллари иштирок этди. Унда ярмарка иштирокчиларига юртимиздаги анъанавий сайёҳлик йўналишлари билан бир қаторда тиббиёт туризми ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилди. “Qazaqstan” миллий телеканали вакиллари учун Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарлари бўйлаб ташкил этилган медиа-тур қозоғистонликларга юртимизнинг сайёҳлик имкониятларини кенг намойиш қилиш имконини берди.

Сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида Алмати – Тошкент – Алмати йўналишида авиақатновларни ҳафтасига 10 мартага ва Остона –Тошкент – Остона йўналиши бўйича 6 тага чиқариш бўйича музокаралар ўтказилди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан ўтказилган тадбирлар натижасида Қозоғистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ўзбекистонлик шериклари билан туризмни ривожлантириш тўғрисида шартнома имзолади. Умуман, туризм соҳасида амалга оширилган ишлар натижасида 2 миллиондан ортиқ қозоғистонлик сайёҳ Ўзбекистонга ташриф буюрди.

– Элчихона томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати, хорижда Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатлари самарали ҳимоя қилиниши борасидаги саъй-ҳаракатлар тўғрисида нима дея оласиз?

– Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш элчихонамиз диққат марказида турган асосий вазифалардан биридир. Шу мақсадда Ўзбекистон ва Қозоғистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида Остона шаҳрида консуллик масалалари бўйича маслаҳат учрашуви ўтказилди.

Элчихона консуллик рўйхатида 49,5 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси ҳисобда туради. 2018 йилда фуқароларимиздан тушган 400 дан ортиқ ариза бўйича зарур чоралар кўрилди. Юртдошларимизга консуллик хизматлари, яъни фуқаролик масалалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш, шахсни тасдиқлаш ва Ватанга қайтиш гувоҳномаларини ёзиб бериш, нотариал амалларни бажариш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан ташқари, фавқулодда вазиятларда ҳам амалий ёрдам кўрсатилди.

Фуқароларимизга ўз вақтида ва сифатли консуллик хизматлари кўрсатиш мақсадида Остона шаҳридаги консуллик бўлимидан ташқари, Алмати ва Оқтау шаҳарларида Ўзбекистон Республикасининг Бош консулхоналарини очиш бўйича Қозоғистон томони билан амалий ишлар олиб борилди. Ҳозирги кунда фуқароларимиз нафақат Остонада, балки Алмати ва яқин кунларда Оқтау шаҳарларида ҳам консуллик хизматларидан фойдаланиши мумкин бўлади.

Ўйлаймизки, кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида юртдошларимизга кўрсатилаётган консуллик хизматлари кўлами янада кенгаяди ва биз Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олдимизга қўйилган вазифаларни уддалаймиз.

– 2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йили ўтказилади. Шу борада кўрилаётган тайёргарлик ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

– Албатта, 2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йилини ўтказиш доирасида қатор йирик тадбирларга тайёргарлик кўрилмоқда. Ҳозирги кунда элчихонамиз Қозоғистон томони билан мазкур йилни ҳар томонлама кўтаринки руҳда ўтказишга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқмоқда.

Ўзбекистонда Қозоғистон йили нишонланиши элчихонамиз зиммасига ҳам улкан вазифа юклайди. Биз ўтган йилдаги фаолиятимизни танқидий таҳлил этиб, 2019 йилда олдимизда турган вазифаларни қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик асосида амалга оширишни мақсад қилганмиз.

Жумладан, амалдаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш ва жорий йилда савдо айланмаси ҳажмини 4 миллиард долларга, хусусан, экспорт кўрсаткичларини 2,3 миллиард долларга етказиш маррасини қўйганмиз. Тўғридан-тўғри сармояларни жалб этиш мақсадида икки томонлама қўшимча қиймати юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи йирик лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ҳам манзилли ишлар олиб борилади.

Ўйлаймизки, 2019 йил – Ўзбекистонда Қозоғистон йили мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янги, янада юқори босқичга кўтаради.

 

Матназар Элмуродов, ЎзА