Ўзаро манфаатли шерикликка асосланган ҳамкорликнинг янги босқичи

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федератив Республикаси Федерал канцлери Ангела Меркелнинг таклифига биноан 2019 йил 20 январь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатга келди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 21 январь куни Берлин шаҳрида бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер, Федерал канцлер Ангела Меркель ҳамда Бундестаг Раиси Вольфганг Шойбле билан музокаралар ўтказди.

Ташрифнинг иккинчи куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Мюнхен шаҳрида Бавария федерал ўлкаси Бош вазири Маркус Зёдер билан учрашди.

Давлатимиз раҳбари фахрий меҳмонлар китобига дастхат қўйди.

Германиянинг жануби-шарқида жойлашган Баварияда 12,9 миллион аҳоли яшайди. Ушбу ўлка мамлакатнинг майдони бўйича энг йирик ва аҳоли сони бўйича иккинчи субъектидир.

Бавария Германиянинг иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган ҳудудларидан бири бўлиб, унинг ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 600 миллиард еврога яқин. Бу Европа Иттифоқига аъзо аксарият давлатлар ЯИМидан кўп. Германияда ишлаб чиқарилаётган авиа ва аэрокосмик техниканинг қарийб ярми, тўқимачилик маҳсулотларининг 43, электроника товарларининг 27, машинасозлик соҳасининг 18, металлургия маҳсулотларининг 12 фоизи ушбу федерал ўлка ҳиссасига тўғри келади.

Учрашув аввалида Ўзбекистон Президенти Маркус Зёдерни Германия Христиан-социал иттифоқи партияси раиси этиб сайлангани билан табриклаб, унинг ушбу мартабадаги фаолияти икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга кўмаклашишига ишонч билдирди.

Икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларига оид масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича ҳам фикр алмашилди.

Президентимиз Федерал Президент Франк-Вальтер Штайнмайер, Федерал канцлер Ангела Меркель ва Бундестаг Раиси Вольфганг Шойбле билан музокаралар давомида ўзаро англашувга эришилгани ва ҳамкорлик лойиҳалари қўллаб-қувватланганини таъкидлади.

Бавария Бош вазири Маркус Зёдер Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мюнхенга ташрифидан мамнун эканини билдириб, Германия билан Ўзбекистон ўртасида имзоланган ҳужжатлар икки мамлакат манфаатларига хизмат қилиши, савдо-иқтисодий соҳадаги самарали ҳамкорлик ўзаро муносабатларнинг устувор йўналишларидан бири бўлишини қайд этди.

Мамлакатимизнинг Бавария билан муносабатлари узоқ тарихга эга. Тарихчи И.Шильтбергернинг Амир Темур ҳузурида бўлгани тўғрисидаги ёзма хотиралари халқларимиз ўртасидаги тарихий алоқалар тилга олинган илк ҳужжатли манбалардан биридир.

Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларига илғор немис технологияларини янада кенг жорий этишдан манфаатдор эканини таъкидладилар.

Маданий-гуманитар алоқалар, олий таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда Германия компаниялари билан Ўзбекистонда юқори технологияли корхоналар очиш, транспорт-логистика ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, савдо-сотиқ ва қўшма лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Бавария Бош вазири Президент Шавкат Мирзиёевга Германия ишбилармон доираларининг Ўзбекистондаги лойиҳалари ва таклифларига кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак учун самимий миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли бизнес шерикликдан ғоят манфаатдор эканини қайд этди.

Давлатимиз раҳбари Бавария Бош вазирига “Ўзбекистоннинг маданий мероси Германия коллекцияларида“ китоб-альбомини совға қилди.

Абу Бакр Ўрозов,
 
ЎзА