Таниқли санъат арбоби, ўзбек бастакори Анор Назаров узоқ давом этган оғир касаллик туфайли 69 ёшида оламдан ўтди. 

Анорқул Мамадович Назаров 1950 йил 5 июнда Тошкент вилоятининг Бўка туманида таваллуд топган. 1968 йилда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясини тамомлаб, 1968-1985 йилларда А.Навоий номидаги ДАКТ оркестри солисти, 1985-1987 йилларда Тошкент шаҳар мусиқа ансамбллари жамоасининг бош дирижёри, 1986-1996 йилларда Ўзбекистон телерадиокомпанияси эстрада-симфоник оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижёри, 1996-2000 йилларда “Ўзбекнаво” гастроль-концерт бирлашмаси бош директори, 2000-2002 йилларда эса бадиий раҳбари лавозимларида фаолият юритган.
photo5334604370001635914.jpg

Бастакорнинг “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” (А.Орипов шеъри), “Ватан азиздир”, “Жон Ўзбекистон” (Ж.Жабборов шеърлари), “Ифтихор” (Х.Шарипов), “Яшнар баҳорим”, “Она юрт” (Б.Бобомурод), “Баркамол авлод”, “Ўзбекистон муштарак” (Й.Оташ), “Гўзал Тошкент”, “Юрт қадри” (Б.Исроилова), “Азиз одамлар” (М.Иброҳимов), “Изҳор” (А.Орипов) каби 120 дан ортиқ машҳур қўшиқлари ўзбек санъати дурдоналари сифатида мерос бўлиб қолди.

Бастакор мусиқа санъати ривожига қўшган ҳиссаси учун «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланган.

Марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз.

 

ЎзА