ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ ҲОЛАТГА АНИҚЛИК КИРИТДИ
Карманада аслида нима бўлган эди?
Сайтимизда «Солиқ инспектори жиноятга қўл урди» хабари эълон қилинган эди. Аслида ҳолат қандай бўлган? Қуйида Давлат солиқ қўмитасининг изоҳи билан танишасиз.
2018 йилнинг 18 декабрь куни Кармана тумани давлат солиқ инспекцияси Қўшимча даромадларни аниқлаш ва ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бўлими Жисмоний шахслар билан ишлаш шўъбаси давлат солиқ катта инспектори Нурмахаматов Собиржон Хайитмуратович иш жараёнида Кармана тумани “Катта мачит” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Хилола Остоновани учратиб қолади.
Шунда фуқаро Х.Остонова марҳум бобосига тегишли ҳовли кадастр ҳужжатларини ўз номига расмийлаштириш кераклигини, 10 йил давомида мол-мулк солиғи тўланмаганини айтиб, шуни билиб беришини сўраган ва инспекторнинг телефон рақамини олган. Ўз навбатида, инспектор кейинги 5 йил учун тартиб асосида ҳисобланса, мол-мулк солиғи тахминан бир миллиондан зиёдроққа тўғри келишини, бориб ҳисоб-китоб қилиб кўриш кераклигини билдирган.
Фуқаро Х.Остонова иши кўплиги важидан вақти етишмаслиги, шунинг учун мазкур суммани унинг пластик картасига click орқали ўтказиб бериши ва уни тўлаб қўйишни қайта-қайта илтимос қилган. Шундан сўнг 18 декабрь куни Х.Остонова тегишли пулни С.Нурмахаматовнинг пластик картасига телефони ёрдамида ўтказиб, унга қўнғироқ қилган. Биринчи марта 450 000 сўм, сўнгра 200 000 сўм ташлаб берган.
Шундан сўнг С.Нурмахаматов 21 декабрда иш жойига келгач, маълумотлар базасига кириб, хонадон учун солиқлар 2016 йилгача тўлангани, айни пайтдаги қарздорлик 430 000 сўмга тенглигини аниқлаган. Мазкур суммани тўлиғича терминал орқали тўлаб, қолган 220 000 минг сўмни Х.Остоновага шахсан олиб бормоқчи бўлган ва уни уйидан икки кун давомида топа олмаган, ҳатто телефон рақами ҳам ишламаган.
25 декабрь куни “Катта мачит” маҳалла фуқаролар йиғинида масъул котиб бўлиб ишловчи Ж.Турдиевага пулни бериб, шахсан етказиб қўйишни илтимос қилган.
25 декабрь куни “Катта мачит” маҳалла фуқаролар йиғинида масъул котиб бўлиб ишловчи Ж.Турдиевага пулни бериб, шахсан етказиб қўйишни илтимос қилган.
2018 йил 29 декабрда Кармана тумани Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш департаментига бориб, ушбу ҳолатлар бўйича тушунтириш хати ёзган.
Шу куннинг ўзида ўз хоҳишига кўра, ариза ёзиб солиқ тизимидан кетган. С.Нурмахаматов билан суҳбатлашганда, унга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тадбир бўлмаганлигини, ҳеч ким уни қўлга олмагани, ташлаб берган пулдан ўз мақсадида фойдаланмаганини, вазифасини холис бажарганлигини билдирди. Бугунги кунда С.Нурмахаматов ўз уйида кундалик юмушлари билан банд, дея маълум қилди ЎзАга Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси.
Дастлабки маълумотларга кўра, С.Нурмахаматовга нисбатан ЖКнинг 168-модда 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Навоий вилояти прокуратураси томонидан тергов жараёни олиб борилмоқда.
ЎзА