Пойтахтимизда “Ўзбекэнерго” АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев ҳамда Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компанияси вице президенти Ли Санг Ки иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими маълумотларини қайта ишлаш республика ягона марказини ташкил этиш юзасидан “Ўзбекэнерго” АЖ ҳамда Жанубий Кореянинг “KT Corporation” ўртасида битим имзоланди.
Жорий йил 1 сентябрга қадар фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган мазкур Марказ электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини, SCADA – автоматлаштирилган диспетчерлик бошқарув тизими ҳамда ахборот бошқарув тизимлари (ERP) бошқариладиган ягона республика маълумотларни қайта ишлаш йўналишларини қамраб олади.
Эслатиб ўтамиз, Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 23 октябрдаги қарорига мувофиқ, 2021 йил якунига қадар 7 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг барчаси ҳамда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, еткзиб берувчи ва тақсимловчи корхоналар ягона электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига тўлиқ уланиши режалаштирилган.