Ўзбекистон элчиси Испания Қиролига ишонч ёрлиқларини топширди

Ўзбекистон элчиси Испания Қиролига ишонч ёрлиқларини топширди 

Бу ҳақдаги хабар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги сайтида чоп этилди.

Унда келтирилишича, 16 январь куни Мадрид шаҳрида мамлакатимизнинг Испаниядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Жаҳонгир Ғаниевнинг Испания Қироли Филипп VI га ишонч ёрлиқларини топшириш расмий маросими бўлиб ўтган.Тантанали маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбатда Ўзбекистон – Испания муносабатларининг долзарб масалалари муҳокама қилинган. Қирол юқори даражадаги ўзаро ишонч, икки томонлама ҳамда кун тартибида кўриб чиқилган муҳим масалалар бўйича қарашларнинг ўхшаш ва яқинлигига юксак баҳо берган.

Шунингдек, Испания Қироли Филипп VI Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказилган “EXPO-2017” халқаро кўргазмаси доирасида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган учрашувни алоҳида қайд этиб, унда мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилганини таъкидлаган.Мулоқот якунида Испания Қироли мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевга ўзининг юксак ҳурмат-эҳтиромини изҳор этиб, самимий тилакларини йўллади, дейилади хабарда.

 

ЎзА