Ўзбекистон университетлари халқаро рейтингларда эътироф этилиши мумкин

Ўзбекистон университетлари жаҳоннинг нуфузли рейтингларида эътироф этилганми? Дунёнинг етакчи QS рейтинг агентлиги, Нидерландиянинг “Elsevier“ компанияси экспертлари фикрича, яқин келажакда бу амалга ошиши мумкин.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида 14 январь куни ўз ишини бошлаган “Университетлар ва халқаро рейтинг: ривожланиш стратегияси” мавзусидаги халқаро конференцияда шу ҳақда маълум қилинди.

Халқаро майдонда жаҳон университетлари рейтингини белгилаб берувчи ташкилотлар фаолият кўрсатади. Улардан бири “QS World University Rankings“ (QS – университетлар халқаро рейтинги) бўлиб, мазкур рейтинг агентлигининг интернетдаги веб-саҳифасига бир йилда ўрта ҳисобда 65 миллиондан зиёд фойдаланувчи киради.

Ўтган йилдан бошлаб мамлакатимиз QS билан фаол ҳамкорликни бошлади. Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистон университетларини халқаро рейтингларда эътироф этишга тайёрлашни кўзда тутади.

Мутасаддилар, халқаро экспертлар, пойтахтимиздаги олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этган халқаро конференциянинг очилишида Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов шулар ҳақида сўзлади.

Анжуманда QSнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Зоя Зайцева иштирокчиларни халқаро рейтинг талабларини бажариш бўйича керакли маълумотлар билан таништирди.

Халқаро рейтинг талабларини бажаришда қатор омилларга эътибор қаратиш лозим. Буларнинг дастлабки учтаси – халқаро академик ҳамжамият билан ҳамкорликни ривожлантириш, университетларнинг танилиш имкониятини ошириш, иш берувчи билан муносабатларни ривожлантиришни ўз ичига олиб, QS уларга оид натижаларни ҳисобга олиб боради. Яна бир муҳим омил – библиометриядир. Рейтинг агентликлари айни йўналишда кўпроқ “Scopus” (“Scopus” – библиографик, рефератлар бўйича маълумотлар базаси ва илмий мақолалардан иқтибослар олинишини кузатиб борувчи виртуал майдон. Техник, тиббий ва гуманитар фанлар бўйича 30 мингга яқин илмий нашрларни индекслаган) билан ишлайди.

Эътиборлиси, 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон университетлари мазкур тармоқда ўз профилларини очиб, маълумотлар жойлаб бормоқда. Булар ичида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Тошкент давлат техника университети етакчилик қилмоқда. Мисол учун, Тошкент давлат техника университети олимларининг халқаро журналларда чоп этилган мақолаларидан иқтибослар келтириш кўпайган. Аммо бу етарли эмас, халқаро конференцияларда фаол иштирок этиш, уларда ўз университетлари илмий салоҳиятини кўрсатиш ҳам лозим.

Маълумотларга кўра, QS мингталик рейтингида Марказий Осиё давлатлари ичидан Қозоғистоннинг 10 та, Қирғизистоннинг 2 та университети жой олган. Хусусан, Ал-Форобий номидаги Қозоғистон Миллий университети 220-ўринда бўлиб, Москва давлат халқаро муносабатлар институти, Сингапур менежмент университети, Инха университети каби етакчи олий таълим муассасаларини ортда қолдирган.

Конференцияда Ал-Форобий номидаги Қозоғистон Миллий университети проректори Муҳамбеткали Буркитбоев халқаро рейтинглар бўйича Қозоғистон эришган тажрибалар билан ўртоқлашди, Марказий Осиё давлатларида фаолият олиб бораётган аксарият олий таълим муассасаларини нега жаҳон танимаслигига ҳам изоҳ берди.

Унинг фикрича, Марказий Осий давлатлари олий таълим соҳасида собиқ иттифоқ давридан қолиб келаётган анъаналардан тўлиқ воз кечолмаяпти. “Мутахассис тайёрланса етарли”, деган эски тушунчалар, фан таълимдан ажратиб қўйилгани, халқаро ҳамкорлик борасида фаол ташаббуслар етишмаслиги халқаро рейтинглардан ўрин олишга тўсқинлик қилмоқда.

Тадбирда “Elsevier”нинг минтақавий директори Алия Оспанова мамлакатимизда олий таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, соҳа ривожини таъминлаш учун қабул қилинган ҳужжатлар, улар ижроси доирасида олиб борилаётган ишлар мазмунига баҳо берди.

– Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг 2030 йилга келиб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор давлати қаторига киришига эришишни вазифа этиб белгилагани мамлакатингизда олий таълимнинг ҳам с
ифат жиҳатидан янги босқичга чиқишини кафолатлаши, шубҳасиз, – деди Алия Оспанова. – Боиси, айни вазифа қамрови кенг бўлиб, барча даражада таълим сифати ва қамровини ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимининг иқтисодиёт эҳтиёжларига мослашувчанлигини таъминлаш кабиларни ўз ичига олган.

16 январгача давом этадиган анжуман доирасида халқаро экспертларнинг Самарқанд шаҳридаги олий таълим муассасалари вакиллари билан учрашиши режалаштирилган.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА