Бир гуруҳ ҳарбийларга давлат мукофотлари топширилди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 27 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги масъуллари, офицер ва генераллар, сержант ва курсантлар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги ўқиб эшиттирилди.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-лейтенант Абдусалом Азизов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимиз Қуролли Кучларининг жанговар салоҳиятини юксалтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, армияни замонавий қурол-яроғлар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний, маънавий-интеллектуал тайёргарлигини ошириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётганини алоҳида таъкидлади.

Президентимизнинг 2019 йил 11 январдаги “Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 27 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони билан тақдирланган ҳарбийларга II даражали “Шон-шараф“, “Дўстлик“ орденлари, “Жасорат“, “Содиқ хизматлари учун“ медаллари тантанали равишда топширилди.

photo5323580576227240495.jpg

– Давлатимиз томонидан Ватанимиз тинчлиги йўлида кўрсатаётган хизматларим юқори баҳоланиб, юксак мукофотга, яъни II даражали “Шон-шараф“ орденига лойиқ кўрилганимдан жуда миннатдорман, – дейди Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм командири Журъат Ёқубов. – Байрам арафасида мудофаа вазирининг буйруғига биноан менга полковник ҳарбий унвони ҳам берилди. Бу эътироф келгуси фаолиятимда катта масъулият юклайди. Бундан кейин ҳам бор куч-ғайратим билан ҳарбий соҳада фаол хизмат қилишга ҳаракат қиламан.

Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан мамлакатимиз мудофаа қудратини ҳар томонлама ошириш, етук ва малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш, Ватан ҳимоячилари, уларнинг оилалари учун муносиб ҳаёт шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилда ҳам ҳарбий хизматчилар учун имтиёзли кредитлар асосида 116 кўп қаватли уй фойдаланишга топширилади. Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари билан ҳарбий хизматчиларнинг 700 дан зиёд фарзанди олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Шунингдек, ҳарбий шаҳарчаларни обод қилиш, уларнинг ҳудудида замонавий инфратузилмалар барпо этиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилади.

Қуролли Кучларимизни модернизация қилиш, хусусан, ҳарбий таълим соҳасига замонавий билим, илғор хорижий тажрибалар, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича бошлаган ишлар тизимли равишда давом эттирилади. Хусусан, шахсий таркиб ўртасида миллий ўзликни англаш ва жанговар руҳни, ватанпарварлик тарбиясини кучайтириш, ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Шу мақсадда ёш аскар ва курсантлар учун ҳарбий қасамёд қабул қилишдан аввал “Ўзбекистон тарихи” фани ва “Темур тузуклари” китоби бўйича синов ўтказиш тартибини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.

Тизимда узоқ йиллар самарали хизмат кўрсатган фахрийларга эсдалик нишонлари топширилди. Шунингдек, бир қатор офицерларга полковник ҳарбий унвони берилди.

 

Абдулазиз Мусаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА