Парламент қуйи палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси 2018 йилдаги фаолияти якунлари ва истиқболдаги режаларига бағишлаб матбуот анжумани ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида депутат ва сенаторлар фаолиятига таҳлилий нуқтаи назардан ёндашилиб, ўта муҳим ва устувор таклифлар берилган эди. Қўмита ҳам ўз фаолиятини давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган қонунчиликни янада такомиллаштириш борасидаги кўрсатма ва йўналишларга таянган ҳолда олиб бормоқда.

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, қўмита 2018 йилда қонун ижодкорлиги самарадорлигини ошириш, тайёрланаётган қонун лойиҳалари сифатини яхшилаш, мутахассислар, олимлар, амалиётчилар ва кенг жамоатчилик билан муҳокама қилиш, парламент назоратининг турли шаклларини амалга ошириш ишларига алоҳида эътибор қаратди. 2018 йилги иш режасида қонун ижодкорлиги йўналишида 9 та қонун ҳужжатини ишлаб чиқиш кўзда тутилган бўлиб, амалда 10 та қонун устида иш олиб борилди. Қувонарлиси, қабул қилинган 10 та қонун ҳужжатидан 6 таси қўмита аъзоларининг депутатлик ташаббуси асосида ишлаб чиқилди.

Масалан, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонун шулар жумласидандир. Мазкур қонун билан фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқоли) ваколат муддати икки ярим йилдан 3 йилга узайтирилди. Сайловларда кўпроқ фуқароларни жалб этиш мақсадида фуқаролар вакилларининг минимал нормаси белгиланди. Қолаверса, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир этиш имконини қолдирмаслик мақсадида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловларида яширин овоз бериш тизими ўрнатилди.

“Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, қўмита томонидан 2018 йилда бир қатор назорат-таҳлил ишлари ҳам олиб борилди. Хусусан, 7 та қўмита эшитуви (давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш), 1 та қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолатини ўрганиш ва 1 та қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторинг амалга оширилди. Масалан, таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим ва тарбиянинг аҳволи тўғрисида Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг ахбороти эшитилиб, унинг якуни бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Бундан ташқари, 2018 йилда қўмита аъзолари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига 38 та депутат сўрови юборилди. Қўмита ўз фаолиятини бевосита жамоатчилик ўртасида муҳокамалар асосида ташкил этди. Шу мақсадда ўтган йилда 40 га яқин тадбир – конференция, давра суҳбатлари, семинарлар ташкил этилди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг 724 мурожаати кўриб чиқилди.

Матбуот анжуманида журналистлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ҳамда ёшларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.

Тадбир якунида қўмитанинг мамлакатимизда Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилиши лозим бўлган асосий фаолият йўналишлари юзасидан аниқ мақсадли вазифалар белгилаб олинди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА