Бугун мамлакатимизда прокуратура органлари ходимлари куни нишонланмоқда

8 январь – Ўзбекистонда прокуратура органлари ходимлари куни.

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 19 декабрдаги қонунига мувофиқ жорий этилган мазкур сана мамлакатимизда учинчи бор нишонланмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев прокуратура органлари фаолияти ҳақида тўхталар экан, бу тизим қонунлар ижроси устидан назорат олиб бориши зарурлигини алоҳида таъкидлаган. Шу мақсадда соҳани тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Соҳа ходимларининг фаолияти халқ манфаатларига хизмат қилишга йўналтирилмоқда.

Ҳаракатлар стратегияси прокуратура органлари учун амалий ҳаракатлар мезонига айланган Халқ манфаати йўлида хизмат қилиш давлатимиз раҳбари томонидан прокуратура тизими олдига асосий вазифа қилиб қўйилгани учун ҳам буни амалда таъминлаш учун барча чоралар кўрилаётир. Кейинги бир йилда тизим бутунлай қайта ташкил этилиб, халқ манфаати учун зарур бўлган янги тузилмалар жорий қилинди.

Ҳар бир ходимнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги ўрганиб борилмоқда. Ўтган йилда фуқаролар манфаатини кўзлаб суд ва бошқа идораларга тегишли ҳужжатлар тақдим этилган. Натижада 90 мингдан ортиқ фуқаронинг бузилган ҳуқуқи тикланган.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш прокуратура органларининг алоҳида эътиборида. Бош прокуратура томонидан мазкур йўналишда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тадбиркорлар йўлида учраётган бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш ҳамда коррупциявий ҳолатларга барҳам бериш бўйича зарур чоралар кўрилаётир.

Прокуратура органларига тушган мурожаатлар асносида 736 нафар фуқаро оқланган.

Жамиятда адолатни қарор топтириш, фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида самарали фаолият юритаётган прокуратура органлари ходимларини касб байрами билан қутлаймиз.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА