2018 йилги мавсум аллақачон тарихга айланиб бўлди. Профессионал клублар янги – 2019 йилги мавсумга тайёргарлик кўриш ишларини бошлаб юборганига ҳам анча бўляпти. Бу ишларга қайсидир клуб янги йил аввалида киришган бўлса, йиғинларни байрамдан кейин бошлаган жамоалар ҳам бор.
Айни пайтда клублар структурасини шакллантириш, стадион ва футбол академиялари аҳволини яхшилаш, ҳаммасидан ҳам таркибини кучайтириш каби юмушларга зўр беришмоқда. Турган гапки, футболчилар ҳам кейинги тақдири борасида жиддий ўйлашмоқда, имкон қадар молиявий бақувватроқ клублар таркибидан жой олиш илинжида машғулотларга зўр беришмоқда. Бу каби янгиликларнинг бари эса мухлисларни бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Шундан келиб чиқиб, клублардаги мавсум олди тайёргарлик ишлари билан футбол шинавандаларини таништириб боришни лозим топдик.
Демак, бошладик.
“ЛОКОМОТИВ”
“Темирйўлчилар” янги йил арафасида қисқа муддатга ўз қароргоҳида йиғилди. Асосий йиғин, турган гапки, янги йилда кейинги саналарга тўғри келмоқда. Жамоа 2 январдан ўз қароргоҳида йиғинга киришган эди, 8-23 январь кунлари БААнинг Дубай шаҳрида, икки ҳафта мобайнида йиғин ўтказиш режалаштирилган.
Футболчиларнинг келди-кетдисига келсак, Икром Алибоев Жанубий Кореяга, Санжар Шораҳмедов эса Малайзияга равона бўлди. Жамоа Жамшид Искандеров, Авазбек Ўлмасалиев, Азиз Ҳайдаров билан келишувга эришди. Шунингдек, Йован Жокич, Жавоҳир Эсонқулов, Филип Раевац каби хорижий ва маҳаллий футболчилар билан ҳам мунозаралар олиб борилмоқда. Келишилган футболчилар билан қачонки улар аввал тиббиёт кўригидан муваффақиятли ўтиб, сўнг шартномаси ЎзПФЛда тасдиқлангандан кейингина шартнома расмий кучга эга бўлади.
“ПАХТАКОР”
Жамоа эски йилнинг24-29 декабрида илк йиғинини ўтказди. 3 январдан яна ишга астойдил киришган “шерлар” 9 январга қадар ўз қароргоҳида шуғулланади. Сўнг 11 январдан Туркияга сафар этишни режалаштирмоқда.
Жамоани йил бошиданоқ Жамшид Искандеров ва Камолиддин Тожиевлар тарк этишди. Жамшид янги мавсумда “Локомотив”, Камолиддин эса “Металлург” жамоаси шарафини ҳимоя қилишни хоҳлашмоқда. Жамоага келиб қўшилганларнинг аксарияти клуб тарбияланувчилари ҳисобланади, фақат улар 2018 йилги мавсумда бошқа жамоаларга ижарага берилган эди, энди эса уларнинг аксарияти ортларига қайтишди. Яъни, Забиҳилло Ўринбоев, Жасурбек Ҳакимов, Ботирали Эргашев, Андрей Сидоровнинг ижара муддатлари якунланди. Шунингдек, ўтган йили “Бунёдкор”да ўйнаган Акром Комилов ҳам айни пайтда “Пахтакор” машғулотларида иштирок этяпти.Машғулотларда қатнашаётган яна бир қатор ёшлар бор, улар жамоанинг ўринбосарлар гуруҳидан ёки клубнинг футбол мактабидан етишиб чиқишган.
Ойбек Юнусов, ЎзА