Навоийда Президент топшириқлари бажарилдими?..

“БИР САВОЛГА БИР ЖАВОБ”
“Бир саволга бир жавоб лойиҳасининг аввалги меҳмони Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов “Самарқанд вилоятида нега раҳбарлар алмашинуви тез-тез содир бўлаётир? саволига жавоб берган эди.
 
Эслатиб ўтамиз, мазкур лойиҳада мамлакатимиз вазирлик ва идоралари раҳбарлари, вилоят ҳокимларининг ЎзА саволига жавоблари бериб борилади.
Лойиҳанинг бу галги меҳмони:
5bdf6f12-5ab7-4a1b-87d4-71c162688c3f.jpg
Қобил Турсунов,
Навоий вилояти ҳокими
– Навоий вилояти туризм соҳасида оқсаётгани, хусусан, Президентимиз топшириғига асосан Тўдакўл сув ҳавзаси атрофида сайёҳлар ташриф буюрадиган сўлим масканларни ташкил этиш ишлари бажарилмагани Сизга маълум, албатта. 2019 йилда мазкур соҳани юксалтириш бўйича амалга оширилажак юмушлар ҳақида гапириб берсангиз?
– Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида юртимизда шу жумладан, Навоий вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Тўдакўл сув ҳавзаси атрофида сайёҳлар учун ташриф буюрадиган масканлар барпо этиш мақсадида Қизилтепа тумани ҳокимининг тегишли қарорига асосан Тўдакўл табиий сув ҳавзасининг жанубий қисмида 30 ўринга мўлжалланган замонавий меҳмонхона ва дам олиш маскани ташкил этиш учун “Golden safari” МЧЖга 15 гектар ер майдони ажратиб берилди. Мазкур лойиҳа жорий йилнинг 1 августида ишга туширилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, “Тraiding Servise” СИЧКга мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда экзотик ўсимликларни ўстириш учун кичик боғ, иссиқхона, кичик юртали лагерлар ва миллий услубда жиҳозланган замонавий меҳмон уйларини ташкил этиш учун 14 гектар ер ажратиб берилган бўлиб, ушбу лойиҳани жорий йилнинг 1 майида ишга тушириш белгиланган.
Вилоятда экотуризмни ривожлантириш билан бирга агротуризмни ривожлантириш мақсадида ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда.
“Golden Lake Fish” МЧЖ томонидан Тўдакўл табиий сув ҳавзасида атроф-муҳитнинг мақбул экологик ҳолатини яхшилаган ҳолда табиий сув ҳавзасини балиқ билан таъминлаш мақсадида 21,6 минг гектар бўлган Тўдакўл сув ҳавзасида умумий қиймати 25,1 миллиард сўмга тенг лойиҳа амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи жорий йилнинг II чорагида ишга туширилади.
Шунингдек, “Mr fish company” хорижий инвестиция иштирокидаги корхонага ҳам 205 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, 6,5 миллион доллар инвестициялар ҳисобига агротуризм лойиҳаси амалга оширилмоқда. Жорий йилда мазкур лойиҳа бўйича қарийб 1 миллион долларга яқин маблағ ўзлаштирилди.
Шу билан бирга вилоятда зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида “Қосим Шайх” мажмуаси, “Мавлоно Ориф Деггароний” масжиди ва “Мир Саид Бахром” мақбарасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, Навбаҳор туманидаги қадимий Сармишсой дарасида ҳам туристларни кенг жалб қилиш мақсадида “Муҳаббат боғи” МЧЖ ва “Сармишсой-Навоий” МЧЖ томонидан замонавий дам олиш масканлари қуриб битказилди.
Навоий вилоятининг туристик салоҳиятини янада кенг тарғиб қилиш мақсадида, вилоятнинг инвестицион ва туризм имкониятларини ўзида акс эттирувчи видеоролик ва қўлланма китоб чоп этилиб, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ҳамда хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналарига тақдим этилди.
Шунингдек, вилоятда 2018 йилда 3 та меҳмонхона, 2 та меҳмон уйи ҳамда 6 та оилавий меҳмон уйлари қуриб фойдаланишга топширилди ва бунинг натижасида вилоятда жами туризм соҳасида жойлаштириш воситалари сони 43 тага етиб, меҳмонларни кунлик қабул қилиш қуввати 1,5 мингдан ошди.
Вилоятга сайёҳлар оқимини янада кенгайтириш мақсадида 2019 йилда 22 та замонавий туризм объектлари ҳамда хизмат кўрсатиш лойиҳалари амалга оширилиши белгиланган. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 16 та замонавий меҳмонхоналар ишга туширилиб, қўшимча кунига 1,0 мингга яқин сайёҳларни қабул қилиш имконияти пайдо бўлади.
Амалга оширилган ушбу ишлар натижасида вилоятимизга 2018 йил давомида 15926 нафар хорижий сайёҳлар ташриф буюрган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига (8 016 нафар) нисбатан қарийб икки баробар ошди.
* * *
Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони – Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Баҳодир Юсупов Мамлакатимизда помидор нега камёб маҳсулотга айланиб бораяпти, саволига жавоб беради. 
Сайтимизни кузатиб боринг.

 

ЎзА