Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир ва Хўжайли туманларида 2019 йилда йирик чорвачилик мажмуалари иш бошлайди.
Тахтакўпир туманида “Агрокомплекс Қорақалпоғистон” МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон – АҚШ қўшма корхонаси томонидан умумий қиймати қарийб 20 миллиард сўмлик чорвачилик мажмуаси ишга туширилиши режалаштирилган. Бу ерда 300 бош қорамол боқиш йўлга қўйилади. Лойиҳа амалга оширилгач, 30 киши доимий иш билан таъминланади.
Хўжайли туманида 1000 бош қорамол ва 1000 бош қўй боқишга мўлжалланган чорвачилик мажмуаси ишга туширилиши режалаштирилган. Умумий қиймати 12 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳа асосида йилига 1,6 минг тонна сут ва 90 тонна гўшт етиштирилади, 55 янги иш ўрни яратилади.
Бу каби лойиҳалар 2018 йилда ҳам Қорақалпоғистон Республикасининг бошқа туманларида амалга оширилди. Соҳада бу йўналишда фаолият олиб бораётган субъектлар сони кўпайиши аҳолининг сифатли, арзон гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашга хизмат қилмоқда.
– Чорвачиликни ривожлантириш борасида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Айбек Аминов. – Масалан, Беруний туманидаги “Шукрулло Бобожонов” фермер хўжалиги томонидан Қозоғистон Республикасидан 250 бош “Қозоқи оқ бош” ва 50 бош “Абердин-ангус” зотли қорамол келтирилди. Нукус тумани “Али бобо” фермер хўжалиги томонидан яна шу давлатдан 283 бош наслли туя олиб келинди. “Саҳро кемаси“ деб таърифланадиган туяларни боқиш учун Қорақалпоғистон замини жуда қулай. Чунки туя асосан саксовул ва шувоқ билан озиқланади.
Есимхон Қаноатов, ЎзА