Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини андижонликлар ҳам катта қизиқиш билан тинглаб, у ҳақда ўз муносабатларини билдирмоқда.
Малоҳат Убайдуллаева, Андижон шаҳар Олимпия ва миллий спорт ўйинларига ихтисослашган мактаб-интернати ўқитувчиси:
– Олий Мажлисга Мурожаатномани телевидение орқали катта қизиқиш билан тингладим. Мурожаатнинг асосий мазмун-моҳияти юртимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар давомийлигини таъминлаш, жамият равнақини янада юқори даражага кўтаришга қаратилди, десам, муболаға бўлмайди.
Президентимиз Мурожаатда ҳар жиҳатдан етук ва баркамол авлодни тарбиялаш, спортни ривожлантириш, айниқса, спортчиларимизни 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларига тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Бу биз, мураббийларни жуда руҳлантирди. Чунки бугун нафақат вилоят, туман марказларида, балки чекка-чекка ҳудудларда ҳам спортнинг оммавийлигини ошириш, олимпия спорт турларини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, болалар ва ўсмирлар ҳамда ихтисослаштирилган спорт мактаблари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, маҳоратли ёш спортчиларни тайёрлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Буни ўзим фаолият юритаётган мактаб-интернат мисолида ҳам айтиш мумкин. Айни пайтда 300 га яқин ўқувчи таҳсил олаётган мактабимизда ёшларнинг пухта билим олиши, спорт сирлари, техникасини мукаммал эгаллаши учун барча шароит яратилган.
Юртимизда спортга қаратилаётган эътибор яқин йилларда юксак самаралар беришига, халқаро спорт майдонларида мамлакатимиз спортчилари эришаётган ютуқлар салмоғи янада юқори бўлишига асло шубҳа йўқ.
Абдуҳалим ОБИДОВ, Асака туманидаги “Аsaka oil plant seeds“ уруғчилик фермер хўжалиги раҳбари:
– Мурожаатномада мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим аҳамият касб этувчи қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотларни давом эттириш, айниқса, экинларнинг илғор технологияларга асосланган, янги, серҳосил навларини яратиш ва уруғчилик тизимини ривожлантириш ҳақидаги фикрлар соҳа мутахассиси сифатида мени ғоят хурсанд қилди.
Бугун ривожланган давлатларда уруғчилик кластерлари мавжуд бўлиб, бу ҳосилдорлик ва рентабелликнинг юқори бўлишида жуда катта роль ўйнайди. Ана шу тизим бизда энди-энди шаклланмоқда. Деҳқонларимизга маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мос, илмий технологияларга асосланган уруғларни тайёрлаш, етказиб бериш ишлари йўлга қўйилмоқда. Мурожаатномада таъкидланганидек, бу соҳани ривожлантирмасдан муваффақиятга эришишимиз жуда қийин.
Уруғчилик тизимининг самарали йўлга қўйилиши ижобий натижалар бериши кейинги 2-3 йиллик фаолиятимизда яққол кўринди. Хўжалигимизда мойли экинлар экиш, улардан юқори ҳосил олиш, кунгабоқар ҳамда соянинг тезпишар нав ва дурагайларини яратиш, фермер хўжаликларига сара уруғ етказиб бериш борасида муайян ютуқларга эришилмоқда.
Ўзбекистон ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти ва мойли экинлар Андижон тажриба станцияси олимлари билан ҳамкорликда кунгабоқарнинг тезпишар, касалликларга чидамли, маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мос, серҳосил “Янги замон“, “Осиё“, соянинг “Мадина“ деб номланган янги навлари яратилди. Мазкур навлар ўтган йили юртимизнинг қатор вилоятларида суғориладиган ерларда асосий ва такрорий экин сифатида экилиб, юқори ҳосил олинди.
Мурожаатномада Президентимиз томонидан уруғчиликни ривожлантириш, уруғчилик кластерлари ташкил этиш бўйича олдимизга қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш мамлакатимизни албатта, ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқади.