Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини телевизорда ҳаяжон билан кузатдим. Зеро, унда баён қилинган ҳар бир фикр халқимиз келажаги учун жуда муҳим.
Ўзим асли мўйноқлик бўлганим учун давлатимиз раҳбарининг Орол денгизи ҳақидаги фикрлари юрак-юрагимдан жой олди. Президентимизнинг Орол муаммосига ечим топиш юзасидан илгари сурган ташаббуслари ва амалий режалари бугун дастлабки натижаларини бера бошлади.
Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида ҳудудни янада ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришга қаратилган муҳим вазифаларни белгилаб берди. Давлат раҳбарининг Орол фожиасидан энг кўп зарар кўрган Мўйноқ халқи, унинг сабр-тоқати, ватанпарварлиги ва меҳнатсеварлиги учун раҳмат айтишимиз, шунга муносиб хизмат қилишимиз керак, деган фикрлари мўйноқликларнинг кўнглини тоғдек кўтарди, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлади.
Ўтган қисқа вақт ичида Мўйноқ улкан бунёдкорлик майдонига айланиб, янги турар жойлар, ижтимоий-маданий объектлар, ишлаб чиқариш корхоналари қуриш ишлари бошлаб юборилди. Жорий йил ноябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди ташкил қилиниши ҳудуд аҳолиси турмушида ғоят муҳим тарихий воқеа бўлди.
Президентимиз Мўйноқ тумани аҳолиси учун барча қулай шароитларни яратиб бериш, Орол денгизи ҳудудидаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. Шу асосда бугунги кунда туман билан Қозоқдарё посёлкаси ўртасидаги 45 километрлик йўлда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Илгари Мўйноққа қарашли бўлган Қозоқдарё посёлкасига Нукус орқали 330 километр йўл босиб борилар эди. Энди янги йўл қурилиши билан 260 километрга қисқариб, масофа 70 километр бўлади, холос. Шунингдек, Чимбой, Қораўзак ва Тахтакўпир туманлари аҳолиси учун Мўйноқ ва Қўнғирот туманларига чиқиш йўли очилади.
Мўйноқда “Мустақилликнинг 27 йиллиги” шаҳарчаси, “Мўйноқ аква саноат” ДУКнинг балиқни қайта ишлаш консерва заводи, “Fumei Grоup” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонанинг қамишдан ДСП ишлаб чиқариш заводига тамал тоши қўйилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилди.
Шунингдек, 2019-2021 йилларда 500 минг гектар майдонга саҳрога чидамли ўсимликлар экиш белгиланиб, айни пайтда саксовул экилмоқда. Бунинг учун маҳаллий бюджетдан 10 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 15 минг гектар майдон экишга тайёрланди, шундан 7 минг гектарига саксовул экилди. Ушбу эзгу ишга Ўзбекистонимизнинг бошқа вилоятларидан ҳам ёрдамчи кучлар келган. Бир сўз билан айтганда, Оролнинг қуриган туби қизғин меҳнат майдонига айланган.
Жорий йил 28 ноябрда Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг Орол муаммосини бартараф қилиш юзасидан Траст фонди ташкил қилинишига бағишланган йиғилишда айтган сўзлари ёдимга тушди. У киши Қорақалпоғистон, Оролбўйи минтақаси хусусида гапирар экан, “Жабрланган минтақа тарихида янги саҳифа очилди”, деган эди.
Мана, ҳақиқатдан ҳам янги саҳифа очилди. Халқда умид уйғонди, келажакка ишонч пайдо бўлди. Кўзларига нур кирган. Бутун қорақалпоқ халқи бундай мардона амалий ҳаракатлари учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдирмоқда.
Қисқа қилиб айтсам, давлатимиз раҳбарининг бундай юксак эътибори бутун халқимизни руҳлантирмоқда. Ўз навбатида, мен ҳам бошланган эзгу ишларга ҳаммани чорлагим келади.