Мамлакатимизда Янги йил байрами тантаналари ўзгача шукуҳли, файзли ўтмоқда. Ораста кўчалар, дид билан ясатилган арчалар, аттракционлар ва ажойиб концерт дастурлари ёшу кексага ўзгача қувонч бағишламоқда.
Пойтахтимизнинг Истиқлол кўчасидаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва “Hyatt Regency” меҳмонхонаси олдида баландлиги 35 метрлик бош арча ўрнатилди. Арча атрофида 20 дан ортиқ аттракционлар жойлашган. Бу ерда томоша ва кўнгилочар дастурлар эрталабки соат 10:00 дан кеч соат 22:00 гача давом этади. Майдон атрофида жойлашган ранг-баранг чироқлар билан безатилган 44 дўконда ширинликлар ва ўйинчоқлар сотилмоқда.
Биз хушнуд онлардан баҳраманд бўлаётган юртдошларимизнинг ўтаётган йилнинг эсда қоларли дамлари ва янги йилдаги режалари билан қизиқдик.
– Келиним ва неварамни олиб Тошкентга меҳмон бўлиб келдик, – дейди Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида яшовчи Умида Холқўзиева. – Байрам арафасида ҳамманинг чеҳрасида кулгу, кўзида қувончни кўриб кўнглим яйради. Ўтаётган 2018 йил баракали келди. Неварали бўлдим, келиним университетга ўқишга кирди, хуллас қувончли янгиликларни санайман, десам саноғи кўп. Келаётган йилда ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида янгидан-янги ислоҳотларни кутиб қоламиз. Юртимиз тинчлигига кўз тегмасин, байрамларимиз байрамларга уланаверсин.
– Бугун қизим билан арчани томоша қилишга чиқдик, – дейди Раъно Розиқова. – Турмуш ўртоғим ҳарбий, ўзим эса Тошкентдаги халқаро Вестминстер университетида ўқитувчи бўлиб ишлайман. Бу йилги байрам тантаналари ҳам ҳар йилгидек жуда завқли ўтмоқда. Ўтаётган йил оиламиз учун жуда сермаҳсул бўлди. 10 йилдирки пойтахтда ижарада яшаб келаётган эдик. Бу йил бизга турмуш ўртоғимнинг ишхонаси томонидан икки хоналик уй берилди. Бу биз учун жуда қувончли бўлди. Келаётган янги йилда шу уйга кўчиб ўтишни режалаштиряпмиз. Давлатимиз томонидан аҳоли, айниқса, ёшлар ва ёш оилаларга берилаётган кенг кўламли имкониятлар, яратилаётган шарт-шароитларга дунё аҳли ҳавас қилса арзийди. Янги йилни ҳам ўзгача қувонч билан кутиб оляпмиз. Худо хоҳласа, 2019 йил ҳам янада юксак ўзгаришлар, янгиликларнинг гувоҳи бўламиз.
Гулноза Бобоева, ЎзА мухбири