Хорижда ишлаётган фуқароларга ҳам пенсия тайинланади

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар томонидан суғурта бадалларини тўланиши тартиби

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2018 йил 1 августдан бошлаб хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига энг кам иш ҳақининг 4,5 (тўрт ярим) баравари миқдорида йиллик суғурта тўловларини ихтиёрий равишда тўлаш тартиби жорий этилди ва тўловлар амалга оширилган даврлар белгиланган тартибда давлат пенсияларини тайинлаш учун меҳнат стажига қўшилади.

Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахснинг тўланган суғурта бадаллари (тўловлари) ҳисоби унинг доимий яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизмати органлари томонидан юритилади.

Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Пенсия жамғармасига ихтиёрий суғурта бадалларини тўлаш тартиби жуда осон ва содда. Бунинг учун фуқаро:

  1. Доимий яшаш манзили бўйича Давлат солиқ хизмати органларига идентификация рақами (ИНН) билан мурожаат этади;
  2. Солиқ хизмати органлари томонидан махсус солиқ коди очилади;
  3. Яқин жойда жойлашган банк филиаллари орқали суғурта бадалларини ойлик ёки чораклик шунингдек, Ўзбекистон Республикасига келган кунидан бошлаб бирйўла уч ойлик тўловни Пенсия жамғармасининг ҳисоб-рақамига тўлайди.

* Изоҳ. Ихтиёрий суғурта бадалларини тўлашда солиқ хизмати органларига солиқ кодини очтириш ва тўловни чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг яқин қариндоши ёки ишончли вакили орқали ҳам амалга оширишлари мумкин.

Банк тўлов ҳужжатида қуйидаги маълумотлар акс эттирилиши зарур:

  • Ягона ҳисоб-варағи 23402000300100001010;
  • Шахсий ҳисоб-варағи 200110860………3214114093; Бунда нуқталар ўрнига доимий яшаш манзилидан келиб чиқиб белгиланган рақам ёзилади.
  • Фамилия, исм, отасининг исми, СТИР ва тўлов амалга оширилаётган давр.

Эслатма. Тўлов қабул қилинганда фуқарога уни тасдиқловчи тўлов ҳужжати (квитанция) берилади.

Тўлов амалга оширилгандан сўнг, тўлов тўғрисидаги маълумотлар электрон тарзда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси базасига киритиб борилади ва электрон архивида сақланади.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларга пенсиялар қуйидаги тартибда тайинланади

Пенсия тайинлаш тартибига кўра, чет элда ишлаган фуқаро камида 7 йил суғурта бадаллари тўланган давр бўлса, ёшга доир пенсия ёки ёшга доир нафақа эркакларга 60 ёшда, аёлларга 55 ёшда ёшга доир пенсия тайинланади.

Фуқаро Пенсия жамғармасида Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан (2018 йил 1 декабрь ҳолатига 202 730 сўм) келиб чиқиб тўлаганда, қуйидагича ҳисобланади:

Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш даврида амалда бўлган ягона ижтимоий тўлов (микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун) ва суғурта бадалларининг умумий ставкасига бўлиш ҳамда олинган натижани 100 га кўпайтириш йўли билан аниқланади, яъни 889 167 сўм (202 730 / (14,8+8) x 100).

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда пенсия ҳисоблашда фуқаронинг иш ҳақи 889 167 сўм миқдорида инобатга олинади.

Саволлар юзага келганда ёки қўшимча маълумотлар олиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг қисқа рақамли “11-40” – “Ишонч телефони”га мурожаат қилишингиз мумкин.

Манба: www.pfru.uz

 

ЎзА