Махсус ўқув курслар орқали 3,5 мингдан зиёд масъул ходимлар малака оширди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари томонидан ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ажрашишларнинг олдини олиш, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга оид махсус ўқув курслари ташкил этилди.

Бу курсларда ўқув машғулотларини ўтказиш учун етакчи таълим, тадқиқот ва илмий муассасаларининг ходимлари, шунингдек, амалиётчи мутахассислар жалб этилди. Уларда бугунги кунга қадар 3,5 мингдан зиёд оилалар билан ишлайдиган масъул ходимлар малака оширди.

– Мазкур ўқув курсларида касб малакасини ошираётган хотин-қизлар билан ишлаш ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича маҳалла мутахассислари учун белгиланган дарс машғулотлари дастурлари белгиланган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила“ илмий-амалий тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Инобат Каримова.

Тренингларда cоғлом турмуш тарзи, миллат генофондининг соғломлиги, демографик вазиятларни барқарорлаштириш репродуктив саломатлик машғулотларида тингловчиларга етказилса, ижтимоий хизмат йўналишидаги маҳорат сабоқларида оиланинг генограммаси ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож кишининг аҳволини баҳолаш мезонлари, ижтимоий иш ходимининг ахлоқ этикаси ҳаётий фактлар ва интерфаол усулларда ўргатилмоқда.

– Аёллар ва болалар ҳуқуқлари, гендер тенглиги, оиладаги зўравонлик, одам савдоси каби ўта долзарб муаммоларнинг ўқитилиши, оила мустаҳкамлиги ва демография масалаларининг ўзаро боғлиқлигини англашимиз, соғлом турмуш тарзини шакллантириш масалаларини кенг қамровли ўрганишимиз фаолиятимизда жуда аҳамиятли бўлди, – дейди Андижон шаҳар “Садда” МФЙ тингловчиси Раъно Раҳмонова.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА