Мухбиримиз билан суҳбатда Давлат хизматлари агентлиги директори Халилилло Тўрахўжаев бунга ойдинлик киритди.
– Бу – мутлақо ноўрин эътироз. Сабаби, навбатсиз хизмат кўрсатиш (тезкор хизмат) хизмати деярли барча ривожланган мамлакатларда (Европа мамлакатлари, Жанубий Корея, Япония, Озарбайжон, Қозоғистон, Грузия, Россия Федерацияси кабиларда) мавжуд бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад – турли вазиятларда (масалан, бирор муҳим, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда) фуқаро ва тадбиркорлик субъектларига тезкор хизмат кўрсатиш орқали уларга қулайлик яратишдир. Бундай хизматлар деярли барча соҳаларда (вокзал, аэропорт, шифохоналар ва бошқалар) ҳам мавжуд.
Навбатсиз хизмат кўрсатиш орқали навбатда турган бошқа фуқароларнинг қонуний манфаатларига, уларнинг иззат-нафсига таъсир кўрсатмаслик мақсадида экспресс – тезкор хизматлар мутлақо алоҳида операторлар томонидан алоҳида хоналарда кўрсатилмоқда. Шунингдек, пуллик хизмат орқали ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш бошқа фуқаролар манфаатига таъсир кўрсатмаслик мақсадида иш вақтидан ташқари вақтларда (одатда соат 18:00 дан кейин) кўрсатилмоқда.
Бундан кўриниб турибдики, навбатда турган фуқаро, бошқа тезкор хизматга эҳтиёжи бор фуқаронинг касри билан кўпроқ кутишга мажбур бўлмоқда, деган нотўғри фикрни аҳоли ўртасида шакллантирмаслик лозим.
Бундан ташқари, бугунги кунда кўрсатилаётган айрим хизматлар Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ пуллик асосда кўрсатилмоқда. Шундай бўлса-да, айрим ривожланган, капиталистик давлатлардан фарқли равишда мамлакатимизда барча ижтимоий соҳадаги давлат хизматлари (таълим, соғлиқни сақлаш, пенсия, меҳнат ва бошқалар) мутлақо бепул кўрсатилади.
Ижтимоий тармоқларда, Судланганлик ҳақида маълумотнома берганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилаётгани ҳам танқид қилинган. Тўғри, илгари бу хизмат ички ишлар органлари томонидан бепул асосда кўрсатилган. Лекин, эътибор берган бўлсангиз, илгари мазкур хизмат фақат вилоятларда Ички ишлар бошқармаларининг тегишли таркибий бўлинмалари орқали, республикада эса, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ахборот маркази томонидан кўрсатилган.
Яна бир муҳим жиҳати, аксарият ҳолларда ушбу ҳужжатнинг Ички ишлар вазирлигининг Ахборот маркази томонидан тасдиқланган варианти талаб қилиб келинган. Оқибатда фуқароларимиз узоқ вилоятлардан биргина маълумотнома учун Тошкент шаҳрига келиб-кетишлари керак бўлгани ҳар биримизга аён.
Ҳозир Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, судланганлик тўғрисидаги маълумотномаларни аҳолимиз ўз яшаш манзилидаги тегишли Давлат хизматлари марказлари орқали олишлари мумкин. Ушбу маълумотнома Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилинган кундан бошлаб, 2 иш кунидан кечиктирмасдан фуқароларга тақдим этилмоқда.