Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг кенгайтирилган йиғилиши

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати биносида мамлакатимиз хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлигига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Олий Мажлис палаталари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси вакиллари, ҳукумат аъзолари, Давлат хавфсизлик хизмати шахсий таркиби, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди. Видеоконференцалоқа орқали тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари кузатиб борди.

Мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, халқимизнинг осойишталигини таъминлаш мақсадида хавфсизлик тизимлари ҳар томонлама такомиллаштирилмоқда, уларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳияти ошириб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 14 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ташкил этилди, унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди. Шу йил 5 апрель куни “Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Йиғилишда тизимда амалга оширилган ислоҳотлар натижалари ва галдаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Давлат хавфсизлик хизматининг бошқа давлат органлари ва идоралари билан ташқи ва ички таҳдидларга қарши курашиш бўйича ҳамкорлигини мустаҳкамлашга доир долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Узоқ ва яқин минтақаларда халқаро терроризм, экстремизм ва трансчегаравий жиноятчилик фаоллашган бугунги шароитда мамлакатимиз хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш устувор аҳамият касб этиши таъкидланди.

Қилмишига чин дилдан пушаймон бўлгани ва ёт ғоялардан тўғри йўлга қайтгани учун жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган экстремистик ташкилотларнинг собиқ аъзолари ва тарафдорларини нормал ҳаётга қайтаришга қаратилган тадбирлар самарадорлигини ошириш чоралари белгиланди. Ижтимоий-иқтисодий соҳаларни комплекс ривожлантириш бўйича сектор раҳбарларига мазкур шахсларнинг маиший муаммоларини ҳал қилиш, уларни ишга жойлаштириш ва жамият ҳаётига жалб этиш юзасидан топшириқлар берилди.

Шунингдек, мамлакатимиз тараққиётига тўсиқ бўлаётган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбари халқимизнинг ижтимоий хавфсизлиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Озиқ-овқат, энергетика, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда хавфсизликни таъминлаш бўйича муҳим чора-тадбирлар хусусида сўз юритилиб, йўналишлар аниқ-равшан кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг янги ҳудуди ва янги биноси, унинг фаолияти, моддий-техник имкониятлари билан танишди, ходимлар билан мулоқотда бўлди.

Шу ерда таҳдидларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, давлат хавфсизлигини таъминлаш жараёнида қўлланиладиган махсус техника ва қурол-аслаҳа намойиш этилди. Давлатимиз раҳбари халқимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлаш энг устувор вазифа эканини, ҳар бир хизматчи ушбу шарафли масъулиятни чуқур ҳис этиши, ҳар томонлама етук ва огоҳ бўлиши зарурлигини таъкидлаб, муҳим кўрсатмалар берди.

ЎзА