Қорақалпоғистон Республикасида яшаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож кам таъминланган 50 минг оилага кўмир харид қилиш ва уларга қиш мавсумига тайёргарлик кўриш тадбирлари учун моддий ёрдам тариқасида 400 минг сўмдан бир марталик тўловлар ажратилади.
Жорий йилнинг 15–16 ноябрь кунлари давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи натижалари бўйича мазкур ҳудуддаги кам таъминланган оилаларни қиш мавсумида янада қўллаб-қувватлаш борасида берган топшириқлари асосида Ҳукумат фармойиши қабул қилинди. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали маълум қилди.
Фармойишга кўра, 2018 йил декабрь ойида Қорақалпоғистон Республикасида яшаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож кам таъминланган 50 минг оилага кўмир харид қилиш ва уларга қиш мавсумига тайёргарлик кўриш тадбирлари учун моддий ёрдам тариқасида 400 минг сўмдан бир марталик тўловлар ажратилади.
Мазкур тадбирларни амалга ошириш учун 20 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.
Ушбу маблағлар биринчи навбатда ижтимоий нафақа олувчиларга, ёлғиз пенсионерларга ҳамда Қўнғирот, Мўйноқ, Тахтакўпир, Қораўзак туманларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож кам таъминланган оилаларга ажратилиши назарда тутилган.