Мамлакатимизда сайлов ҳуқуқини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилгани ҳуқуқий давлат барпо этиш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда. Ўтган йиллар давомида Ўзбекистонда амалга оширилган изчил, босқичма-босқич ислоҳотлар натижасида демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга жавоб берадиган миллий сайлов тизими яратилди.
Мамлакатимизда сайлов комиссиялари фаолиятини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23-бобида ўз ифодасини топган. Сайлов ҳуқуқи ҳар бир давлатнинг тарихий анъаналари, сиёсий тизими, электорат хулқи ва бошқалар билан боғлиқ бўлган ўз хусусиятларига эга. Шу жиҳатдан олганда, миллий сайлов қонунчилигимизнинг хорижий мамлакатларникидан бир қатор афзаллик томонлари ҳам бор. Бу доимий ишлайдиган конституциявий мақомга эга орган – Марказий сайлов комиссиясининг фаолият юритишидир. Бундай махсус сайлов органи фақат сайловлар даврида эмас, балки доимий тарзда фаолиятни амалга оширади.
Жорий йил 25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида Президентнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси лойиҳасининг кенг жамоатчилик ўртасидаги муҳокамаси натижалари таҳлилига бағишланган масала кўриб чиқилди. Маълумки, Марказий сайлов комиссияси, Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар ва экспертлардан иборат ишчи гуруҳ Сайлов кодекси лойиҳасини ишлаб чиқди. Сайлов кодекси лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
– Сайлов кодекси лойиҳасининг мазмун-моҳияти туман ва шаҳарлардаги маҳаллалар, меҳнат жамоалари ҳамда ўқув муассасаларида кенг жамоатчилик ва сиёсий партиялар вакиллари, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари аъзолари, депутатлар иштирокида қизғин муҳокама этилди, – дейди Марказий сайлов комиссияси котибияти бўлим мудири Фарҳод Насриддинов. – Унда аҳоли томонидан асосан овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнлари, маҳаллий Кенгашларга сайловларнинг хусусиятлари, сиёсий партиялар ваколати, ОАВ вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан кўплаб таклифлар бўлди. Бундан ташқари, 2018 йилнинг 6-7 сентябрь кунлари Сайлов кодекси лойиҳаси бўйича тегишли давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан фикр алмашиш мақсадида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва Венеция комиссияси делегацияси юртимизга келди. Делегация вакиллари томонидан Ўзбекистонда Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлаш ва кейинги сайловларда сайловчиларнинг электрон рўйхати амал қилиши жорий этилаётгани ижобий баҳоланди.
Маълумки, Сайлов кодекси лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги амалдаги қонунлари асосида яратилди.
2018 йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўтказилди. Мазкур форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломовнинг Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ)нинг директори Ингибьёрг Сольрун Гисладоттир бошчилигидаги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда асосий эътибор, сайлов тўғрисидаги миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш, сайловларни демократик тамойиллар ва халқаро стандартларга мувофиқ очиқ, эркин ўтказиш мақсадида ЕХҲТ ДИИҲБнинг таклифлари ва тавсиялари ҳар томонлама ўрганилаётганига қаратилди. Бевосита ҳамкорлик Марказий сайлов комиссияси вакилларининг Варшава (Польша)да ЕХҲТ ДИИҲБнинг инсонийлик мезонлари бўйича йиллик мажлисларидаги иштироки доирасида ҳам амалга оширилмоқда. Ўз навбатида, ЕХҲТ ДИИҲБ директори мамлакатимизда сайлов тизимини янада такомиллаштириш масалалари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил декабрь ойида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Сайлов кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича қўйилган вазифаларга берилаётган эътиборни юқори баҳолади.
Жорий йил давомида ўтказилган бу каби муҳокамалардан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда яратилган миллий сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш, халқаро талаб ва андозаларга мослаштиришдир. Шунингдек, уларни Сайлов кодексида акс эттириш ва ўз навбатида фуқароларимизнинг хоҳиш-иродасини эркин ифода этишга асос бўлиб, Конституциямизда белгилаб берилган сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлашдан иборатдир.
Президентимизнинг 2018 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал вазифасини бажармоқда. Мазкур ҳужжат асосида сайлов тизими ва қонунчилиги янада либераллаштирилади, сайлов комиссияларининг фаолияти самарадорлиги оширилади. Марказий сайлов комиссиясининг сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнида, ташкилий, ахборот-таҳлилий, услубий, маслаҳат функциялари кучайтирилади.
Тизимга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, сайловларни бошқариш тизимини модернизация қилиш, сайлов жараёнида ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари ҳам қарордан ўрин олган.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фуқароларнинг энг муҳим конституциявий ҳуқуқларини, яъни ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалаш орқали давлат ҳокимияти органларига сайлаш ва сайланишларини таъминлашда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шунингдек, у сайловларни ўтказишга масъул бўлган ва уларни ташкилий-моддий жиҳатдан таъминлайдиган давлат органи бўлиб, давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўладиган сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш вазифасини бажаради.
Шуни таъкидлаш лозимки, сайловларнинг мустақил сайлов органи томонидан ўтказилиши сиёсий бетарафлик (холислик) принципи билан узвий боғлиқдир. Мазкур принципнинг моҳияти шу билан изоҳланадики, сайловлар мустақил сайлов органи томонидан халқаро стандартларга ва амалдаги сайлов қонунчилигига мувофиқ тарзда ўтказилади.
Абдулазиз Мусаев, ЎзА